22:50 / 10.10.2017
52803

Дунё кезган пиёла: Чойхўр ўзбекнинг саргузаштлари​ 

Чет элда юрган ўзбекистонлик миллий байроқ, рамз ёхуд бирон ҳамюртини учратиб қолса, хурсанд бўлиб кетиши табиий. Бундай хуш кайфият пайдо бўлиши учун хорижий юртга бориб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Ижтимоий тармоқларни бир «кезиб» чиққанда, ватандошларнинг муваффақияти, уларнинг ижобий қиёфада, турли даражада кўриниб турганининг ўзи кишини мамнун этади. Kun.uz ана шундай хориждаги юртдошлар ҳақида ҳикояларни тақдим этишда давом этиб, бу гал Instagram ижтимоий тармоғида Teazeal номи билан машҳур бўлиб бораётган Даврон Алижонов ёки жаҳонгашта чойхўр билан суҳбатлашди.

«Мен оддий ўзбек оиласида, Андижон шаҳрида дунёга келдим. Бошланғич ва ўрта таълимни шу шаҳарда жойлашган таълим муассасаларида олганман. Менежементга бўлган қизиқишим устунлик қилиб, дастлаб Японияга, сўнгра таълимни давом эттириш учун Латвияга жўнаб кетдим. Иқтисодиёт ва халқаро менежмент бошқаруви бўйича таҳсил олган ўзбекистонлик бўлиб, айни пайтда Fly Emirates ҳаво йўлларида экипаж аъзоси сифатида фаолият олиб бормоқдаман»​, деб сўз бошлади Давронбек.

Fly Emirates'га қандай келиб қолдим?

Европа ва Ғарб таълим стандартларида бир ажойиб анъана бугунгача сақланиб келмоқда: битириш арафасида талаба касбий карьерасини барпо этиш учун ўзи курашади. Ана шу жараён «job hunting»​ ёки «иш ови​» деб номланиб, ҳар бир ёш амалий синовларни бошдан кечиради. Менинг тажрибамда бу ҳолат узоққа чўзилмади. Негаки, аввалдан Emirates'да ишлашни ният қилиб қўйганим, ҳужжатларни пухта тайёрлаганим ва ўзимни​ суҳбатда аъло даража тутганим иш берди. Натижада мен кам сонли бахтиёр ходимлардан бири сифатида компания аъзосига айландим.

Teazeal'ни яратиш ғояси қандай пайдо бўлдими?

Лойиҳани амалга оширишга туртки бўлган воқеа бу - ёшлигимга бориб тақалади. Бувим билан кўк чой ичиб, насиҳатини тинглашни ёқтирганман. Шу сабабдан лойиҳа номи (tea - чой, zeal - ғайрат) ҳам, ундаги тимсол ҳам миллийлигимизга, оиладаги муҳитда олган тарбиямга боғлиқ. Қолаверса, ўзбеклар ҳақиқатан чойхўр, мен эса дўппи кийиб, замонавий киши сифатида танилиш мумкинлигини исботламоқчи бўлдим. Самолётимиз ҳар доим янги мамлакатларга қўнганида нотаниш кишилар менга қизиқиш билан қарайди. Бу билан ўзбекнинг довруғини фақат дўппи ёки пиёлани кўрсатиш билан таратаман, дейишдан йироқман. Келгусида ҳаракатларимнинг янги қирраларини кузатишингиз мумкин.

Доимо хорижда бўлишнинг ўзига хос ижобий ва салбий жиҳатлари бор...

Мен учун бу ҳаёт ниманидир ўрганиш ва бу тўпланган тажрибани қачонлардир Ўзбекистонга олиб киришдан иборат. Аммо, яқин қариндошларимдан узоқда, ёшликдан бирга ўсган дўстларимсиз чет элда ҳам зерикиб, уларни қўмсашни бошлайман. 

Ўзбекистонга ташрифим...

Тошкентдаги аэропортдан чиқиб келишим билан юрагим қаттиқ уришни бошлайди: гўёки балиқ сувга тушгандай эркин бўлиб қоламан. Дийдор ширин нарса эканини тўла ҳис эта бошлайман. Хайрлашиш эса қайғу аралаш аразга айланиб қолади. Лекин бир мақсад олға интилишимга далда беради. У ҳам бўлса, келгусида миллий ҳаво йўлларимизни ривожлантириш, унда хизмат кўрсатиш соҳасини жаҳон стандарти даражасига олиб чиқиш, буни уддалай олганимда эса оилам, дўстларимнинг мен билан фахрланиши...

Қуйида ушбу жаҳонгаштанинг саёҳатлари давомида олинган суратларни томоша қилиш мумкин.

Мавзуга оид
Top