18:44 / 10.10.2017
30351

Татаристон президенти Ўзбекистон бош вазири ўринбосарига таклиф билан чиқди

Фото: motor.rutatar-inform.ru

Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Ғуломжон Ибрагимов бошчилигидаги делегация 10 октябрь куни амалий ташриф билан Татаристон Республикасига келди.

Татаристон Республикаси бош вазири Алексей Песошин «Казань» халқаро аэропортида Ўзбекистон делегациясини кутиб олди.

Шундан сўнг Татаристон Республикаси президенти Рустам Минниханов Ғуломжон Ибрагимов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Рустам Минниханов Ўзбекистон делегациясининг Қозонга ташрифи Россия-Ўзбекистон муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган Татаристон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишига ишонч билдирди.

Татаристон президенти таъкидлаганидек, Татаристон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми ҳозирги пайтда барча мавжуд имкониятларни акс эттирмайди: «Биз ҳамкорлик учун катта истиқболларни кўрмоқдамиз. Бунга ўхшаш тиллар, маданият ва урф-одатларимиз ёрдам беради. Лекин энг муҳими, икки мамлакат олий раҳбариятининг хоҳиши бор».

Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашни Россия-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришда устувор вазифа сифатида белгилаб олишди, дея таъкидлаб ўтди Рустам Минниханов.

Унинг айтишича, Татаристон нефть қазиб олиш ва нефть-кимё саноатини ривожлантиришда катта тажрибага эга. Ушбу соҳанинг асосий корхоналари – “Татнефть” ва “Таиф” ҳисобланади. Рустам Минниханов бу соҳада ҳамкорлик қилишнинг барча имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди: тайёр маҳсулотларни Ўзбекистонга етказиб бериш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан тортиб соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича ҳамкорликкача.

Ўз навбатида, Ўзбекистон енгил саноатнинг ривожланган тармоғига эга. «Ишончим комилки, биз бу соҳада алоқаларни йўлга қўямиз. Биз ўзбек бизнесини республикага таклиф қилишимиз, уларга барча зарур шарт-шароитларни яратишимиз, зарур ёрдамни кўрсатишимиз керак», - деди Рустам Минниханов.

Татаристон президенти сайёҳлик алоқаларини, муҳандислик, қурилиш, уй-жой-коммунал хизматлари, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, ахборот, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Рустам Минниханов Ғуломжон Ибрагимовга ишбилармон доиралар вакилларининг қўшимча ташрифларини ташкил этиш ва ой охирига қадар асосий бизнес лойиҳаларини аниқлашни таклиф қилди.

Ўз навбатида Ғуломжон Ибрагимов Ўзбекистон раҳбарияти Татаристон билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

«Татаристон бир қатор соҳаларда катта тажрибага эга. Биз сиздан жуда кўп нарсаларни олишимиз, шунингдек у ёки бу вазифаларни биргаликда ҳал қилишимиз мумкин. Бугун биз “КАМАЗ”, “Татнефть” ва республиканинг бошқа йирик корхоналари билан ҳамкорлик қилиш бўйича жиддий мақсадларга эгамиз. Энг муҳими, биз келгусида ишлаш механизмларини аниқлаштириб олдик. Ўйлайманки, биз бу йил баъзи лойиҳаларни бошлаймиз», - дея қўшимча қилиб ўтди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари.

Top