22:15 / 10.10.2017
15532

Ўзбекистон Рокфеллерлар асос солган компания сармоясини маҳаллий лойиҳаларга жалб этмоқчи

Фото: guardian.ng

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18-20 сентябрь кунлари АҚШга сафари давомида келгуси ҳамкорлик режалари бўйича бир қатор компания вакиллари билан суҳбатлашганди.

Айни пайтда ExxonMobil билан музокаралар бошланган бўлиб, томонлар бўлажак лойиҳаларни кўриб чиқмоқда. Ўзбекистон янги сармояларни нефть-газ қазиб чиқариладиган ҳудудларни геологразведка этиш ишларига жалб этишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати нефтни қайта ишлаш заводлари қошидаги базалардан бирида мамлакат енгил саноати учун полиэстер ишлаб чиқариш бўйича инвестицион лойиҳани тайёрламоқда. Барча музокаралар муваффақиятли ўтса, жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойида ExxonMobil раҳбари якуний шартномаларни имзолаш учун Ўзбекистонга келиши кутилмоқда.

Шундай қилиб, Ўзбекистон 2020 йилга қадар 38та турли даражадаги нефть-газ ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 20,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Маълумот учун, ExxonMobil​ Жон Рокфеллерга тегишли бўлган Standart Oil компаниясининг ҳуқуқий меросдори ҳисобланиб, компанияни бир пайтлар ҳозирги АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон ҳам бошқарган.

Top