19:30 / 11.10.2017
27616

Лось ва бўрининг олишуви дрон ёрдамида суратга олинди

Канадалик Дэн Найстедт Шимолий Онтарио кўлида лоснинг бўри билан олишувини тасвирга олишга муваффақ бўлди. 6 дақиқалик видео DJI Phantom 4 Pro дрони ёрдамида суратга олинган.

Бўри лосдан ўлчами кичик бўлишига қарамай, қўққисдан ўрмондан чиқиб саёзликда турган лосга ҳужум қилиб қолган. Дастлаб лос бўридан ҳимояланиб, унга туёқлари билан зарба беришга уринади. Шундай лаҳзалардан бирида бўри лоснинг оёғига хиппа ёпишиб олади ва уни қўйиб юборишни истамайди. Лось харчанд уринмасин, бўри уни қўйиб юбормайди. 2 дақиқачадан кейин лось охир-оқибат бўрининг жағлари орасидан чиқишга муваффақ бўлади ва қирғоқ бўйлаб қоча бошлайди. Бўри ўлжани қўйиб юборишни истамай, унинг ортидан анча вақт сузиб борган.  

Натижада лось кўл ичига анча ичкарилаб кетгач, лосни таъқиб қилишдан ҳорган бўри ортга қайтишга қарор қилган. Ролик сўнгида темир йўл изларида туриб насиб қилмаган ўлжаси ортидан кузатиб турган иккита бўри тасвирланган.

Top