13:10 / 11.10.2017
57287

«Ҳосилни қутқариш керак» - 30 йил аввалги дастурдан парча

Скриншот: Youtube/Алексей Екименков

Интернет тармоғидаги Youtube сайтидаги Алексей Екименков саҳифасида собиқ Советлар иттифоқида эфирга узатилган «Время» дастуридан бир парча жойлаштирилган. 1987 йил 22 ноябрь кунига тегишли экани айтилган лавҳада Ўзбекистонда пахта йиғим-терими қандай бораётгани ҳақида ҳикоя қилинган. 

«Время»нинг Ўзбекистондаги мухбири Мухтор Ғаниев тайёрлаган лавҳасида 1987 йил 22 ноябрга қадар республикада 4,6 млн тоннадан зиёд пахта хом ашёси етиштирилганини билиб олиш мумкин. 

Лавҳа бошловчининг кадр ортидан “Ўзбекистондаги пахта ҳосилини йиғиб олиш ҳақида мухбиримиз ҳикоя қилади”, деган сўзлари билан бошланади. 

“Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон пахтакорлари 4 млн 600 минг тоннадан ортиқ хом ашё йиғди. Вазифа мураккаб. Об-ҳаво ишга ҳалақит қилди. Баҳордаги сурункали ёғингарчилик ва совуқ ҳаво шароити чигит экишни кечиктирди. Октябрь ойидаги мислсиз қор ёғиши терим суръатини пасайтирди. Далада эса пахта бор ва ҳосилни нобуд қилмаслик керак. Республика ҳукумати шаҳар ва қишлоқлардаги меҳнаткашларга мурожаат қилди. Ва бугунги кунда Ўзбекистонда пахта йиғимининг сўнгги кунларида далаларга 2 млнга яқин теримчи чиқди. Булар саноат корхоналари ишчилари, зиёлилар, нафақахўрлар, талабалар ва мактаб ўқувчиларидир. Авваллари бундай ҳол кузатилмаган. Одамлар пахтакорлар учун мураккаб бўлган бу йилда далалардаги ҳосилни охирги кўсагигача йиғиб олиш учун барча ишни қилмоқда”, - деб таъкидлайди журналист. 

Шундан сўнг, у бевосита пахта режасини бажарган туманлардан бири, Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани ҳақида ҳикоя қила бошлайди. Унда 5 йилдан бери пахта режасини уддалай олмаган туман вазифани бажаргани, бунга сабаб бўлган омиллар, ишга муносабат ўзгаргани, жорий қилинган янгиликлар, пахта терим комбайнларининг ҳиссаси хусусида сўз боради. 

“Мана бу лавҳани биз Сариосиё туманидан олдик. Туман пахтакорлари 5 йил мобайнида пахта хом ашёси етиштириш режасини бажара олмай келди. Бу йил эса вазифани осонлик билан уддалашди. Бунинг сири нимада? “Ишга муносабат ўзгарди”, - дейишмоқда деҳқонлар. Туман қўмитаси ҳам йиғим-терим вақтида мажлисбозликлардан воз кечишди. Пахта экинлари майдони 5 марта оширилди. Тупроқ яхшиланди. Хўжаликларда бригада пудратчилиги, ўзаро ҳисоб-китоб қилишда чек тизими жорий қилинди. Миришкорлар тийинни ҳам ҳисоблай бошлашди. Тўқимачилик комбинатлари талабига мувофиқ, юқори сифатли пахта навларини экишди”, - дейилади лавҳада. 

Мухтор Ғаниевнинг ҳикоя қилишича, хўжалик раҳбарлари пахтани қўлда терган маъқул, деб ҳисоблашган. 

“Узоқ йиллар мобайнида хўжаликлар раҳбарлари пахтани қўлда терган яхши, деб уқдиришарди. Бу сафар ушбу қарашнинг нотўғри эканини исботлашди. Тумандаги ҳар бир комбайн 100 тоннадан пахта терди. Ўтган йиллар мобайнида далалар қиш мавсумигача ғўзапоядан тозаланмас эди. Бу йил, аксинча, сўнгги кўсак ҳам териб олингач, далалар пешма-пеш шудгор қилиниб, минерал ўғитлар солинмоқда ва эртаги сабзавот экинлари экилаяпти”. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 4 октябрдаги 12-ялпи мажлисида мажбурий ва болалар меҳнати кенг муҳокама қилиниб, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқлари назорати бўйича Сенат комиссияси тузилди. 

Маълумот учун, Ўзбекистон ҳукумати 8 август куни 2017 йилги пахта терими мавсумига 18 ёшга тўлмаган ёшларни, шунингдек, ташкилотлар, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг меҳнат фаолиятида бўлган ходимларини мажбурий тарзда жалб қилиш қатъий ман этилиши ҳақидаги баённома қарорини чиқарган эди.

Сенат мажлисида маъруза қилган Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Нодир Отажанов пахта теримини механизациялашган ҳолда ўтказиш учун келаси 5 йилда 15 минг пахта териш машинаси ишлаб чиқилишини билдирганди. 

Top