23:56 / 14.10.2017
35189

Танлаш ўз қўлингизда: «яшил» ёки «қизил» йўлак

Фото: ekonombilet.ru

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида» 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури доирасида божхона органларига ҳам бир қатор вазифа ва топшириқлар юкланган эди.

Давлат дастури доирасида жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича «яшил» ва «қизил» йўлак тизимини амалиётга татбиқ этиш юзасидан ҳам топшириқлар берилган, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси давлат божхона қумитаси расмий сайти.

2017 йилнинг 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси божхона чегаралари орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 814-сонли қарори қабул қилиниши мазкур тизимини амалиётга татбиқ этишда муҳим қадам бўлди.

Қарорни қабул қилишдан асосий мақсад фуқароларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш шароитларини жаҳон стандартларига мувофиқлигини таъминлаш, божхона расмиятчилигини соддалаштириш, назоратнинг самарали усулларини қўллаш, шунингдек туризмни ривожлантириш учун янада қулай шароитларни яратишдан иборатдир.

Мазкур Қарор билан Ўзбекистон Республикаси божхона чегаралари орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Қарорга кўра, икки йўлакли тизим 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортларида, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб эса, Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали автомобиль ва темир йўл ўтказиш пунктларида кучга киради.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Давлат божхона қўмитасига 1 ой муддатда мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда халқаро аэропортларда икки йўлакли тизимни ишлашини таъминлаш учун керакли инфраструктура ишларини ўтказиш юклатилди.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетаётган ҳамда Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган шахсларнинг сафар мақсади, мамлакати, ёши ва региони бўйича шаклланишини таъминлайдиган статистика ҳисоботи шаклини ишлаб чиқиб, амалиётга киритиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига 1 ой муддат берилди.

Қарор билан тасдиқланган Низом Ўзбекистон Республикаси божхона кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш талаблари ва тартибини, шунингдек божхона чегараси орқали ўтадиган жисмоний шахснинг божхона операцияларини амалга ошириш мақсадида нотижорат мақсадлар учун мўлжалланган товарларни декларациялаш шакли сифатида «яшил» ва «қизил» йўлакни танлаш қоидаларини белгилайди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси 162-моддасида жисмоний шахслар томонидан олиб ўтилаётган товарларни декларациялаш мақсадида божхона ҳудудига кириб келиш ёки ушбу ҳудуддан чиқиб кетиш жойларида икки йўлакли тизим қўлланилиши мумкинлиги акс эттирилган.

Унга кўра, икки йўлакли тизимнинг қўлланилиши божхона операцияларини бажариш учун нотижорат мақсадлардаги товарларни декларациялаш шакли сифатида «яшил» ёки «қизил» йўлакнинг божхона чегараси орқали ўтаётган жисмоний шахс томонидан мустақил равишда танланишини назарда тутади.

Айтиш мумкин-ки, Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд қилинган қарори Божхона кодексидаги ушбу нормани ҳаётга тадбиқ қилиш имкониятини вужудга келтирди.

Аввало, ушбу «яшил» ва «қизил» йўлакларга таъриф бериб ўтсак.

«Яшил» йўлак — кириб келиш ва чиқиб кетиш жойларида махсус белгиланган, жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги қўл юки ва кузатиб борилаётган багаждаги товарларни божхона чегарасидан олиб ўтиши учун мўлжалланган жой.

«Қизил» йўлак — кириб келиш ва чиқиб кетиш жойларида махсус белгиланган, жисмоний шасхларнинг ёзма шаклда декларацияланиши лозим бўлган қўл юки ва кузатиб борилаётган багаждаги товарларни, шунингдек декларацияланиши жисмоний шахснинг ихтиёрига кўра амалга ошириладиган товарларни божхона чегарасидан олиб ўтиш учун мўлжалланган жой.

Икки йўлакли тизимни қўллаш учун камида битта «яшил» ва «қизил» йўлак ажратилади. Божхона ҳудудига кириб келиш ёки ушбу ҳудуддан чиқиб кетиш жойларида йўлакларнинг умумий сони божхона органи томонидан йўловчилар оқими ва мавжуд имкониятларда келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Ҳар бир йўлак томонга ҳаракатланиш ва ҳар бир йўлакка кириш йўналиши аниқ белгиланади ҳамда фарқланади. Йўлаклар билдирувчи махсус белгилардаги маълумотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида бўлади. Бундан ташқари фаолият кўрсатилаётган ҳудуддан келиб чиқиб, божхона органари қўлланиши мақсадга мувофиқ деб биладиган бошқа тилларда ҳам бўлиши мумкин.

Йўлаклар номига мос равишда тегишли рангдаги линиялар билан белгиланади. Кириш ва чиқиш жойларини англатадиган йўлаклар орасидаги масофа эса камида 2 метр бўлиши лозим.

Ушбу йўлаклар божхона ҳудудига кириб келишда чегара назоратидан ўтгандан сўнг, чиқиб кетишда эса чегара назоратидан ўтишдан олдин, халқаро аэропортларда эса багаж топшириладиган ёки бериладиган жойдан сўнг жойлаштирилади.

Халқаро аэропортларда чиқиб кетишда йўловчиларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда багажни топшириш жойларида божхона назоратини амалга оширишгача авиаташувчига топширилган багажда олиб ўтиладиган товарларга нисбатан божхона қонунчилиги бузилишилари аниқланса, уларни содир этган шахсларни ўз вақтида аниқлаш имконини берадиган шароитлар яратилган ҳолатда «яшил» ва «қизил» йўлакларни жойлаштиришга рухсат этилади.

Ушбу йўлаклар шундай ажратилиши лозим-ки, ундан ўтаётган йўловчилар бошқа йўлак орқали ўтадиган шахсларни кузатиш имконига эга бўлмасликлари керак.

Икки йўлакли тизим олдида жисмоний шахсларга божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларни декларациялаш учун тегишли йўлакни онгли равишда танлаш имконини берадиган ахборот ҳудуди ташкил этилади.

Унда божхона қонунчилиги ва асосий қоидалар, икки йўлақли тизимни қўллаш тартиби ҳақида қисқача маълумотномалар, шунингдек божхона қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги огоҳлантириш жойлаштирилади.

Ахборот ҳудудидаги маълумотлар давлат тили, рус ва инглиз тилларида, шунингдек фаолият кўрсатадиган ҳудуддан келиб чиқиб, божхона органлари томонидан танланган бошқа тилларда бўлиши мумкин. Бу ерда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш устунлари, декларацияни тўлдириш намуналари ва бланкалари бўлади.

«Яшил» йўлакда олиб кириш ёки олиб чиқиш қонун ҳужжатларига мувофиқ тақиқланган ёки чеклаган товарлар, қиймати ва миқдори божсиз олиб кириш нормасидан ва қонун ҳужжатларида белгиланган акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормасидан ошадиган товарлар ҳамда ёзма декларацияланадиган нақд миллий ва хорижий валютадаги олиб кириш ва олиб чиқишга русхат этилган маблағларнинг чеклаган нормаларидан ташқари барча товарлар оғзаки декларацияланади.

16 ёшга тўлмаган шахсларнинг қўл юки ва багаждаги товарлари унга ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан декларацияланади.

Жисмоний шасхнинг «яшил» йўлакдан ўтиши божхона мақсадлари учун божхона органига мазкур шахснинг ёзма декларациялаштириладиган товарлари йўқлигини маълум қилиш сифатида қаралади. Бу жисмоний шахсни божхона қонунчилиги талабларига риоя этиш мажбуриятидан озод этмайди.

Агар «яшил йўлак»дан ўтаётган жисмоний шахс тақиқланган ёки чеклаган товарларни, қиймати ва миқдори божсиз олиб кириш нормасидан ва қонун ҳужжатларида белгиланган акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормасидан ошадиган товарларни ёки нақд валюталарнинг рухсат этилган мидқоридан ортиқчасини олиб ўтаётгани гумон қилинганда ёки бу ҳақида ахборот мавжуд бўлса, ушбу шахсга нисбатан божхона назоратининг тегишли шакллари қўлланилади.

Ушбу жараёнда тегишли божхона қоидабузарлиги фош этилса, у ҳолда ушбу шахс божхона қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

«Қизил» йўлак орқали ўтадиган жисмоний шахслар белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдиришади. Божхона органлари «қизил» йўлакда божхона назорати шаклларини қўллашда танлаш принципига асосланади.

Жисмоний шахсларнинг ишлаб чиқариш ёки тижорат мақсадлари учун мўлжалланган товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишида божхона расмийлаштирувининг қонун ҳужжатларида белгиланган умумий қоидалари қўлланилади.

Ҳусен Тангриев,

Давлат божхона қўмитаси «Тошкент-Аэро» ИБК ахборот хизмати катта инспектори

Top