14:10 / 15.10.2017
7101

Вануату ҳукумати фуқароликни биткоинларга сотиб олишга рухсат берди

Фото: Reuters

Вануату ҳукумати фуқаролик учун биткоин билан ҳисоблашишга рухсат берган дунёдаги биринчи мамлакат бўлди. Interfax шу ҳақида хабар берди

Инвестицион фуқаролик нархи 200 минг долларни ташкил қилмоқда, бу жорий курсда - 35 биткоиндан камроқ. 

Вануату фуқаролиги 116 давлатга, шу жумладан Европанинг аксарият мамлакатларига визасиз кириш ҳуқуқини беради. Бу кўрсаткич бўйича Вануату Arton Capital компаниясининг Passport Index рейтингида 34-ўринни эгаллайди. 

Бундан ташқари, Вануатуда даромад солиғи ва мерос солиғи йўқ, шунингдек компаниялар даромадига солиқ ставкаси нолга тенг. Вануату туристик хизматининг огоҳлантиришича, мамлакатда ҳатто чой ҳақи деган нарсанинг ўзи йўқ. 

Бироқ тропиклардаги ҳаёт таваккалга тўла. Октябрь ойи бошида шимолий Оба ороли аҳолиси Манаро-Вуи вулқони отилиши сабаб эвакуация қилинишига тўғри келди. 

Вануату республикаси - Меланезиядаги давлат бўлиб, у Тинч океани жанубидаги Янги Гебридлар архипелагидаги 83 оролда жойлашган. Аҳоли сони 2016 йилда 277,5 минг кишини ташкил қилган. 

Британиянинг New Economics Foundation таҳлил маркази Вануатуни дунёдаги энг бахтли мамлакатларнинг тўртинчиси, деб ҳисоблайди. 

Top