09:30 / 17.10.2017
7403

ОАВ: АҚШдаги муҳожирлар сони рекорд даражага етди

Фото: EPA/Juan Barak

АҚШда қонуний ва ноқонуний тарзда истиқомат қилаётган муҳожирлар сони 2016 йил июлида рекорд даражага етиб, 43,7 млн кишини ташкил этди. Бу ҳақда Вашингтоннинг Иммиграцияни ўрганиш маркази ноҳукумат ташкилоти экспертлари хабар қилмоқда. Улар АҚШ аҳолини рўйхатга олиш бюроси маълумотларини ўрганиб, шундай хулосага келишган, деб хабар қилмоқда ТАСС агентлиги. 

Марказ томонидан тарақатилган ҳисоботда қайд этилишича, 2000 йилдан буён хорижда туғилиб, АҚШда доимий яшаётганлар сони 12,6 млн кишига етган. “Мамлакат аҳолисининг умумий улушида муҳожирлар ҳиссаси 13,5 фоизга етди. Бу сўнгги 106 йилдагиэнг юқори кўрсаткичдир”, -дейилади ҳужжатда.

“АҚШдаги ҳар саккизинчи киши биринчи авлод муҳожирдир. <...> Бундан ташқари, мамлакатда 16,6 млн бола ота-онасидан ҳеч бўлмаганда бир киши муҳожир бўлган оилада дунёга келган. Умумий ҳисобда муҳожирлар ва уларнинг фарзандлари 60,4 млн кишини ташкил этади. Бу эса АҚШ аҳолисининг ҳар бешинчиси демакдир”. 

"Ҳар йили 1 млндан ортиқ кишига кўпаядиган муҳожирлар Америка жамияти, унинг ишчи кучи, мактаблари, инфратузилмалари, шифохоналари ва атроф-муҳитга катта таъсир кўрсатади. Мамлакатда муҳожирлар сонини янада ошириш мақсадга мувофиқлиги муҳокама қилиниши керак", - дейди марказ раҳбарларидан бири Стивен Камарота.

2010 йилдан эътиборан сўнгги 5 йилда АҚШга муҳожирларни кўп юборган мамлакатлар бешлигига Ҳиндистон, Хитой, Доминикан республикаси, Сальвадор ва Куба киради. Бу давр ичида Россиядан борган муҳожирлар сони 14 минг кишига ортиб, 397,2 минг кишига етган.

Экспертларнинг тахминларига кўра, 2023 йилга келиб, мамлакат аҳолиси улушида муҳожирлар ҳиссаси 14,8 фоизга етади. 2060 йилда бу рақам 18,8 фоизни ташкил этади.

Ҳужжатда қонуний ва ноқонуний муҳожирлар сонига ойдинлик киритилмаган, бироқ бошқа манбалардаги маълумотларга кўра, ноқонуний муҳожирлар сони 12 млн атрофидадир. 

Top