13:09 / 18.10.2017
24271

Атамбоев: қозоқ миллиардерлари Қозоғистон ва Назарбоев ҳақида эмас, ўз келажаги ҳақида ўйламоқда

Фото: President.kg

Сўнгги йилларда Қозоғистоннинг ҳаракати Евроосиё иқтисодий иттифоқини қулатишга йўналтирилди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев 18 октябр куни «Ала-Арча» давлат қароргоҳида президент стипендиантлари олдида маълум қилди.

Атамбоевнинг таъкидлашича, президент Назарбоевнинг атрофидаги шахслар – бу олигархлар, қозоқ миллиардерлари бўлиб, улар Қозоғистон ва Назарбоев ҳақида эмас, балки ўз келажаги ҳақида ўйламоқда. «Сабаби Ғарбдаги барча банкларда ўзларининг миллиардлаб маблағлар бўлган ҳисоблари бор, улар АҚШ валюта тизими орқали назорат қилинади. Уларда ҳозир битта вазифа: Қоғозистонда ҳукумат ўзгарганда ўзлари билан яхши муносабатда бўлишлари учун ҳаракат қилиш», - дея маълум қилди у.

Президентнинг сўзларига кўра, Қозоғистонда олигарх ҳукуматнинг вазифаси умуман бошқа.

«Сўнгги қарор – Қозоғистонда кириллдан лотин алифбосига ўтиш бекорга қабул қилинмади. Бу Россиядан узоқлашиш. Бу Қозоғистон ва АҚШ денгиз-пиёда қўшинларининг Россия билан чегарадаги қўшма машқлари. Бугун шуни кўрмоқдамизки, Қозоғистоннинг ҳаракатлари бугун эмас, балки сўнгги бир неча йил давомида Евроосиё иқтисодий иттифоқини қулатишга йўналтирилган бўлган. Қирғизистондаги сайловлар Қозоғистон олигархлари ва Давлат департаментининг Қирғизистондаги таъсир кўрсатиш агентлари, маблағ олувчи барча ННТ – ҳаммаси бирлашганини аниқ кўрсатиб берди», - дея таъкидлаб ўтди Атамбоев.

Мавзу
Қирғизистон-Қозоғистон муносабатлари

Қирғизистондаги президентлик сайлови арафасида Алмазбек Атамбаев қўшни давлат сиёсатларини бир неча марта қоралаб чиқди. Бунга жавобан Қозоғистон ҳукумати чегарада қирғизистонликларни тўхтатиб қола бошлади

Барчаси
Top