13:00 / 19.10.2017
6122

Теҳронда Ўзбекистон-Эрон бизнес-форуми бўлиб ўтди

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

2017 йилнинг 18 октябрь куни Теҳрон шаҳрида Ўзбекистон-Эрон ишбилармон доиралари вакилларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси делегацияси иштирок этди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Форумда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев, «Ўзбекнефтгаз» АЖ раиси Алишер Султонов ва Ўзбекистон делегациясининг бошқа аъзолари сўзга чиқдилар.

Эрон ҳукумати номидан сўзга Эрон саноат, конлар ва савдо вазирининг ўринбосари Можтаба Хосравтаж чиқди.

Форумнинг очилишида сўзга чиққан Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон делегациясининг Теҳрон шаҳрига ташрифи сентябрь ойида Остона шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг учрашувида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ташкил этилганини таъкидлади.

Таъкидланганидек, суҳбат чоғида икки давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли барча соҳаларда Ўзбекистон-Эрон муносабатларини фаоллаштириш ва уларга янги тус бериш учун сиёсий ирода намойиш этдилар. Шу билан бирга, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доираларининг бевосита алоқаларини ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда қўллаб қувватлаш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Вазир Форум иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан қабул қилинган 2017 2021-йиллар учун Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ва бозор ислоҳотлари ҳақида маълумот берди.

Макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш мақсадида иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш ушбу Стратегиянинг устувор йўналишларидан бири.

Шунингдек, ушбу Стратегия хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишни янада кучайтириш ва унинг устувор рольини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш орқали иқтисодиётга хорижий инвестицияларни фаол жалб қилишни назарда тутади.

Шу билан бирга, мамлакат ҳукумати тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон барқарор ривожланиб бораётган давлат бўлиб, 2005 йилдан 2015 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажми ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмаган, 2016 йилда бу кўрсаткич 7,8 фоизни ташкил этади.

Навоий, Жиззах ва Ангрен шаҳарларида учта эркин иқтисодий зона фаолият кўрсатмоқда, уларда хорижий сармоядорлар учун солиқ солиш, божхона йиғимлари, ер ва бинолар билан таъминлаш ва бошқа қулай шарт-шароитлар яратилган. Яқинда яна тўртта эркин иқтисодий зона Ҳазорасп (Хоразм вилояти), Қўқон (Фарғона вилояти), Ургут (Самарқанд вилояти) ва Ғиждувон (Бухоро вилояти)да ташкил этилди.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари Эрон ишбилармонларини мамлакатимиз билан ҳар икки томон учун ҳам шубҳасиз фойдали бўладиган ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш, лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга чақирди.

Ўзбекистон делегациясининг Эронга ташрифи доирасида ва бизнес-форум натижалари бўйича бир қатор ўзаро манфаатли ҳужжатлар, хусусан 7,5 млн. АҚШ долларилик аҳдлашув баённомаси, шунингдек, 25,5 млн. АҚШ долларилик қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича битимлар имзоланди.

Top