09:03 / 19.10.2017
26279

“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинги тугатилмоқда

Ўзбекистон Республикаси президенти 2017 йил 17 октябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Қайд этилишича, фармон пахта тозалаш ва ёғ-мой саноати корхоналарини бошқариш тизимини янада оптималлаштириш ва такомиллаштириш мақсадида имзоланди.

Қуйидагилар: 

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясини ташкил этиш тўғрисида” 2015 йил 27 октябрдаги ПФ-4761-сон Фармони;

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил 28 октябрдаги ПҚ-2422-сон ҳамда “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси ва унинг таркибига кирувчи акциядорлик бирлашмалари фаолиятини таъминлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” 2015 йил 3 ноябрдаги ПҚ-2427-сон қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясини тугатиш билан боғлиқ комплекс ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, шунингдек пахта тозалаш ва ёғ-мой саноати корхоналарини бошқаришни ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлаш мақсадида Комиссия тузилди.

Комиссия (З.Мирзаев) 15 кун муддатда тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда зарур комплекс чора-тадбирлар ва таклифлар ишлаб чиқади ҳамда тақдим этади.

Ушбу фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг бош вазири А.Арипов зиммасига юкланди.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзпахтасаноат», «Ўзпахтаэкспорт» ва «Ўзпахтаёғ» ихтисослаштирилган бирлашмаларни бирлаштирган «Ўзпахтасаноатэкспорт» компанияси 2015 йилнинг кузида ташкил этилган.

Top