17:00 / 20.10.2017
11533

Қўқонда “Каптива”ни олиб қочган босқинчилар қўлга олинди

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Қўқон шаҳар ИИБ Навбатчилик қисмига “Сунбула” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан “Каптива” русумли автомашина олиб қочилгани ҳақида хабар келиб тушади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ матбуот хизмати маълум қилган.
 
Жабрланувчининг таъкидлашича, у машинасида уйига келганида, икки нафар юзини ниқоб билан беркитган номаълум шахслар унинг олдига келишиб, бири қўлидаги тўппончага ўхшаш буюм билан қўрқитиб, машинага чиқиб ўтиришини айтади. Шу пайт жабрланувчининг турмуш ўртоғи уйидан чиқиб, шовқин кўтариб, оила аъзоларини ёрдамга чақиради. Номаълум шахслар эса автомашинани олиб қочадилар. Машина салонида жабрланувчига тегишли “Iphone-6” русумли телефон аппарати ва 60 минг сўмга яқин пуллари ҳам бўлган. 

Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида, ушбу босқинчилик жиноятини Қўқон шаҳрида яшовчи 1994 йилда туғилган Т.А. ва 1996 йилда туғилган М.А.лар томонидан содир этганлиги аниқланиб, ушланди. Улардан жиноят содир этишда фойдаланилган ашёвий далиллар олинди. 

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top