08:02 / 20.10.2017
5658

Россиялик машҳур актёр ёш киноижодкорлар учун маҳорат дарси ўтказди

Фото: Кинематографияни ривожлантириш маркази

15-20 октябрь кунлари Ўзбекистонда россиялик киноижодкорлар гуруҳи иштирокида Россия кино ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. 

19 октябрь куни ҳафталик доирасида россиялик машҳур актёр Александр Песков Кинематографияни ривожлантириш марказида Ёш киноижодкорлар кенгаши аъзолари учун маҳорат дарси олиб борди. Мазкур тадбирда Россия кино кунлари учун ташриф буюрган делегация аъзолари ҳам иштирок этишди. 

Фото: Кинематографияни ривожлантириш маркази

Маҳорат дарси мобайнида ёш киножодкорлар ўзларини қизиқтирган бир қанча саволларга жавоб олиш имкониятига эга бўлдилар. Александр Песков актёрлик маҳорати ва кинодаги жанрлар хусусида сўзлар экан, ўзининг севимли ролларидан парчалар ҳам ижро этиб берди. 

Ўзбекистонлик ёш киноижодкорларнинг соҳага қизиқиши, ўзбек кинематографияси келажагини янада ривожлантиришга бўлган иштиёқини кўрган россиялик ижодкорлар Ёш киноижодкорлар кенгаши раҳбариятига келажакда ҳам ҳамкорликни давом эттириш таклифини билдиришди. 

Фото: Кинематографияни ривожлантириш маркази

Ноябрь ойининг сўнгги ҳафтасида бўлиб ўтадиган “PROlogue” – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар III Республика фестивали доирасида россиялик киноижодкорларнинг ўзбекистонлик ёшлар учун маҳорат дарслари ўтишига келишиб олинди. 

Top