22:59 / 21.10.2017
56397

Путин президентликка яна сайланиши ҳақидаги илтимосга латифа билан жавоб қайтарди

Фото: Vesti

Сочида ўтаётган "Валдай" халқаро мунозаралар клубининг якуний сессиясида Россия президенти Владимир Путин янги президентлик муддати ҳақида ўйлаб кўриши борасидаги илтимосга латифа билан жавоб қайтарди. Йиғилиш модератори, "Валдай" клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси илмий ишлар бўйича директори Фёдор Лукьянов Путиннинг янги муддатга номзоди илгари сурилиши ҳақидаги масалани кўтармоқчи бўлди. У бу ҳақдаги таклифини очиқчасига ифода қилмай, "айланма йўл" билан билдиришга ҳаракат қилган. "Валдай клуби сиз бошқа қарор қабул қилсангиз қандай қилиб мажлис ўтказишимизни хаёлига келтира олмайди. Биз сизга ўрганиб қолдик, сиз биз учун тумор кабисиз", деб айтган Лукьянов.

"Бу сиз мени бошқа чақирмаслигингизни англатмаса керак? Ёки ҳарбий муддатни якунлаган аскар каби мени дарҳол ҳисобдан чиқариб ташлайсизларми?", деб жавоб қилди бунга Путин. 

"Фикримча, сиз бирор қарор қабул қилишингиздан олдин жиддий ўйлаб кўришингиз лозим, Сиз дунёга кераксиз", деб қўшимча қилган Лукьянов.

Путин бунга жавобан олигархлар ҳақидаги латифа билан жавоб беришга қарор қилди. "Бир олигарх касодга учраб, бу ҳақда рафиқасига маълум қилибди: "Биласанми, Биз "Мерседес"ни сотиб, "Лада" сотиб олишимизга, Рублёвкадаги данғиллама уйимизни сотиб, Москвадаги квартирамизга кўчиб ўтишимизга тўғри келади. Бироқ сен мени шунда ҳам севаверасан-ку, тўғрими?". Рафиқаси эса унга: "Ҳа севавераман ва жуда соғинаман", деб жавоб қайтарибди", деб ўз латифасини сўзлаб берган Путин.

"Бироқ фикримча, сиз мени узоқ соғинасиз деб ўйламайман", деб қўшимча қилган Путин.

Путин Москвадаги "Россия энергетика ҳафталиги" форуми доирасидаги йиғилишда 2018 йилги сайловларда иштирок этиш борасида бир тўхтамга келмаганини айтган. Путин қонунга кўра, президентлик компанияси ноябрь охирида-декабрь бошида эълон қилиниши кераклигини эслатиб ўтган. "Ўйлайманки, бу вақтга келиб барча асосий номзодлар ўз режалари ва сайловолди дастурларини маълум қилишади", деб айтган Путин.

Путин йиғилишда Россиянинг бўлғуси президенти аёл киши бўлиши ҳам мумкинлигини айтган.

Top