20:58 / 22.10.2017
4946

ЖССТ Зимбабве президентини элчи қилиб тайинлаш фикридан қайтди

Фото: Tsvangirayi Mukwazhi/AP

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Зимбабве президенти Роберт Мугабени элчиси қилиб тайинлаш қарорини бекор қилди. Бу ҳақда ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус маълум қилди. 

"Мен Зимбабве президенти Роберт Мугабени ЖССТнинг Африкадаги юқумсиз касалликлар бўйича эзгу ният элчиси этиб тайинлаганимни бир неча кун давомида ўйладим. Натижада мен бу қароримни бекор қилдим", деб маълум қилган Гебрейесус. 

Гебрейесуснинг айтишича, у танлаган номзоди борасида билдирилган танқидларга қулоқ тутган. У бу масала бўйича ўз фикрини билдирган барчага миннатдорчилик билдирган.

93 ёшли Мугабенинг ЖССТ элчиси этиб тайинланиши 20 октябрда эълон қилинганди. Бу қарор соғлиқни сақлашни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи гуруҳлар томондан қораланган. Жумладан, АҚШ давлат департаменти ҳам бунга қарши чиққан. Уларнинг таъкидлашича, Мугабе президентлиги вақтида Зимбабве соғлиқни сақлаш тизими барбод бўлган.

Top