22:07 / 23.10.2017
14222

Эрдўған: "Туркия Европага эмас, Европа Туркияга муҳтож"

Фото:aa.com.tr

Кеча боснияликларни номуносиб деб ҳисоблаб, уларга менсимай муносабатда бўлган мамлакатлар бугун сурияликлар, фаластинликлар ва ливияликларга нисбатан ҳам шундай муносабатда. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Босния ва Герцеговинанинг биринчи президенти Алия Изетбегович вафотининг 14 йиллигига бағишланган тадбирда шундай баёнот билан чиқди. "Анадолу" агентлиги шу ҳақида хабар берди. 

Туркия давлат раҳбарининг сўзларига кўра, босим ўтказилаётган мамлакатлар рўйхати ўзгармоқда, "бироқ бутун бир халқнинг фожиасини индамай томоша қилаётган минбарлар таркиби ўзгаришсиз қолмоқда".

Эрдўған Европа қадриятлари инқирози Босниядаёқ ўзини намоён этгани, Сурия эса мазкур жараённинг сўнгги звеноси эканини таъкидлади. 

"Европа мамлакатлари қирғоқларидаги қочқин болалар жасадлари Ғарб деградациясидан далолатдир. Афсуски, охирги 7 йилда Ғарб  қадриятлари Европа мамлакатларининг ўзи томонидан дискредитация қилинди", - деди Туркия президенти. 

Эрдўған Анқара Европа мамлакатлари етакчиларидан Туркия номини булғашни бас қилишни кутаётганига ишора қилди. 

"Европа етакчилари янада рационал ёндашувни қўллашлари керак. Ксенофобияни тарғиб қилиш ҳеч кимга фойда келтирмайди. Исломофобия тўлқинида ҳукумат тепасига келишга бўлган уринишлар инқироз билан тугаши муқаррар. Европа Туркиясиз ўзини ўзи зиддиятга маҳкум қилади", - дея изоҳ берди давлат раҳбари. 

"Туркия Европага эмас, Европа Туркияга муҳтож. Европада ҳозир буни тан олмасликлари мумкин, бироқ ҳақиқат шундан иборатки, мураккаблаштирувчи сурункали муаммолардан даво Туркиянинг ўзида. Муаммоларни бартараф қилишнинг йўли - Туркиянинг Европа Иттифоқига тўлақонли аъзолигида", - деди Эрдўған.

"Кимки Туркияга таҳдид билан босим ўтказиш мумкин деб ўйласа, қаттиқ адашади. Улар ўз тарихини унутишмоқда ва тез орада қаттиқ адашганларини тан олишади. Туркия чекинмоқчи эмас ва у фитналарда иштирок этмайди. Анқара ўз нуфузини сақлаб қолади ва стратегик мақсадларига содиқ қолади", - қўшимча қилди президент. 

Top