14:30 / 23.10.2017
43642

«Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи»нинг​ янги логотипи учун 10 миллион сўм кимга насиб қилди?

«Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи»нинг Facebook ижтимоий тармоғида юритилаётган расмий саҳифасида янги логотипи учун танлов эълон қилинганди.

Унга кўра, 20 июлга қадар номзодлар тайёрланган намуналарни ташкилот мутасаддиларига юбориши, намуналарга ижтимоий тармоқда овоз берилиши ва энг кўп овоз олган номзод ғолиб бўлиши белгиланганди. Ғолиб учун 10 миллион сўм миқдоридаги мукофот ваъда қилинганди.

Бу орада ижтимоий тармоқларда ташкилотнинг амалдаги логотипига жуда ўхшаш рамз акс эттирилган сурат кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди.

Ташкилот матбуот котиби эса Kun.uz'га «​бу вақтинча логотип вазифасини ўтаб турувчи белги экани, расмий логотип ва танлов ғолиби кейинроқ эълон қилиниши»​ни айтди. 

Орадан 2 ойдан ортиқ вақт ўтиб, яъни 12 октябрь куни мазкур ташкилотнинг расмий сайтида хабар эълон қилинди:

«​Логотиплар соҳа мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди ва ҳар томонлама мақбул кўрилган вариант танланди. Ҳакамлар ижодий ишларни баҳолашда ғоянинг теранлиги ва лўндалиги, ташкилот фалсафаси, босма ва нобосма материаллар, брендлаштирилган маҳсулот ва корпоратив совғаларига мослашувчанлиги, янгичалигини инобатга олишди.

Натижага кўра, Мелиев Рустам Толипович ғолиб деб топилди. Танлов ғолибига Ёшлар итифоқи Марказий Кенгаши ҳисобидан ўн миллион сўм маблағ ажратилди».​​

Юқоридаги танловда иштирок этган Жавлон Жўраев эса ижтимоий тармоқдаги саҳифасида танлов натижасига ўз муносабатини билдирди.

«​Мен шу танлов учун берилган logoittifoq@umail.uz манзилига 4 хил дизайн вариантини юбордим. Танлов ташкилотчиларидан на жавоб, на тасдиқ олдим. Сўнги хатимда улардан мен юбораётган вариантларни қабул қилганликларини тасдиқлашни сўрадим ҳам - аммо ҳеч қандай жавоб келмади.

Бу орада Иттифоқнинг янги сайти ишга тушди ва унда вақтинчалик логотип ишлатилди. Шу кунларда Иттифоқ ғолиб бўлган логотип вариантини эълон қилди. Ғолиб логотип вақтинчалик логотипга жуда ўхшаш. Умуман, танлов жараёни ҳақида ҳеч қандай очиқ ахборот берилмади. Сўнги янгиликда Иттифоқ уларга 450га яқин вариантлар келиб тушганини айтиб ўтсада, бу вариантлардан бирортаси очиқ сайловга қўйилмади.

Сиздан ушбу масалага ойдинлик киритишда ёрдам сўрайман. Танлов қандай ўтказилди, нега танлов аввал айтилган тартибда ўтмади, ғолиб сифатида эълон қилинган шахс ким, нега ғолиб вариант вақтинчалик логотипга бу қадар ўхшаш, нимага асосланиб 10 миллион сўм мукофот айнан шу логотип учун берилди каби саволларга Иттифоқдан жавоб кутамиз. Мен фуқаро сифатида давлат бюджетидан ажратилган 10 миллион сўм нимага шу қадар нопроффесионал логотип дизайнига сарфланганини билишни истайман»​, дейди у.

Бу танлов юзасидан туғилган саволларга жавоб олиш учун «Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи» Ахборот хизмати билан боғланишга бўлган ҳаракатлар бесамар кетди. Ташкилот бу масалага эътибор қаратиб, тегишли изоҳ бериши сўраб қолинади.

Top