21:40 / 25.10.2017
6065

Жанубий Корея соф энергетикага 40 млрд доллар сарфламоқчи

Фото: EAST NEWS

Жанубий Корея президенти Мун Чже Ин маъмурияти 2038 йилга келиб атом энергетикасидан воз кечмоқчи ва 2030 йилгача соф энергия манбалари мамлакат энергетика тизимининг 20 фоизини ташкил қилишига эришмоқчи. Бу ҳақда Asia Nikkei нашри хабар бермоқда

Жанубий Кореянинг 6 та давлат электр станцияси 2035 йилгача мамлакат энергетика тизимида тикланувчи энергия манбалари аҳамиятини кенгайтириш учун 39,9 млрд доллар сарфлашни режалаштирмоқда. 2017 йилнинг ўзида электр энергия ишлаб чиқарувчилари қуёш ва шамол энергияси ҳисобига 33 ГВт электр энергия олишни режалаштиришмоқда. Бу Жанубий Кореяда ҳозирги кунда ишлатиладиган тикланувчи манбалар жами энергиясидан 2 марта кўпроқдир.  Жумладан, Korea South-East компанияси қувватларни 5,7 ГВт га ошириб, бунга 6 млрд доллар сарфламоқчи. 

2030 йилгача тикланувчи манбалар мамлакат энергетика тизимининг 20 фоизини ташкил қилиши керак. Бу эса мавжуд қувватларга яна 45 гигаватт "соф" энергия қўшиш кераклигини англатади.

Президент маъмурияти секин-аста ядро энергетикасидан воз кечмоқчи. Шу мақсадда мамлакат 6 та янги реактор қурилиши режаларини тўхтатди, 2038 йилгача эса 14 та атом станциясини ёпмоқчи. Шунга қарамай, Kepco компаниясига иккита янги ядро реактори устида ишларни давом эттиришга рухсат берилган. Ҳозир бу станциялар 30 фоизга тайёр.  

Атом электр станциялари ўрнига қуёш энергиясини олишнинг инновацион усулларига урғу берилади. Solkiss компанияси дарёда 2,67 МВт ли сузувчи қуёш панелларини ўрнатади. Ушбу тизим қуёш ҳолатига қараб айланиб туради. Таъкидланишича, бунинг ҳисобига қуёш фермаси самарадорлиги 22 фоизга ошади. 

Top