15:00 / 31.10.2017
11667

Абдулла Арипов Бокудаги янги Ипак йўлининг очилишида иштирок этди

Фото: Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази

30 октябрь куни Боку халқаро денгиз савдо портида Боку-Тблиси-Қарс темир йўлининг очилиши муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. 

Маросимда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, мамлакат биринчи хоними Меҳрибон Алиева, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва унинг турмуш ўртоғи Эмине Эрдўған, Қозоғистон бош вазири Бакитжан Сагинтаев, Грузия бош вазири Георгий Квирикашвили, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Тожикистон ва Туркманистон делегациялари иштирок этишди. Озарбойжон президенти матбуот хизматида шу ҳақида хабар берилди. 

Маросимни Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиев очиб берди. 

Фото: Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази

Алиевнинг сўзларига кўра, Боку-Тблиси-Қарс (БТК) темир йўли - Европа ва Осиё ўртасидаги энг ишончли ва қисқа йўл. "Дастлабки босқичда БТК бўйлаб 5 миллион, кейингиларида эса 17 миллион тонна юк ташилади. БТК Евроосиёни транспорт харитасининг муҳим қисмига айлантиради. Бу йўл туризм, барқарорлик ва хавфсизлик ривожи учун хизмат қилади, инвестициялар ҳажмини кенгайтиради, мамлакатларимизнинг геосиёсий аҳамиятини кучайтиради", - деди Озарбойжон давлат раҳбари ўз нутқида.

Фото: Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази
Фото: Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази

Боку-Тблиси-Қарс стратегик аҳамиятга эга тарихий лойиҳа ҳисобланади. Мазкур темир йўл узунлиги 850 километрни ташкил қилади, шундан 504 километри Озарбойжон ҳудудидан ўтади.

Илҳом Алиев шунингдек Шимол-Жануб транспорт коридори ҳам катта аҳамиятга эга эканини ва Озарбойжон бу йўналишда ҳам муҳим қарорлар қабул қилишини таъкидлади. Озарбойжон ҳудудида Шимол-Жануб лойиҳаси билан боғлиқ барча ишлар якунланди, яъни бутун инфратузилма тайёр. 

"Озарбойжон мазкур йўналишда темир йўл тармоғини яратди. Келгусида Шимол-Ғарб ва Жануб-Ғарб энерготранспорт лойиҳалари эксплуатацияга топширилади. Боку-Тблиси-Қарс темир йўлидан Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳамда Европа давлатлари фойдаланади. Шимол-Жануб транспорт коридори Ҳиндистондан Россиягача бўлган мамлакатларни бирлаштиради".

Фото: Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази
Фото: Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият маркази

БТК темир йўлининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ҳам чиқиш қилди. У Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти хорижий шериклар билан Марказий Осиё ва қўшни минтақаларнинг улкан транзит ва транспорт-коммуникация салоҳиятидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади. "Бугун мазкур йўналиш бўйича Ўзбекистонда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2016 йилда Ангрен-Поп темир йўл магистралини қуриш лойиҳаси тугалланди. Бу ягона Ўзбекистон темир йўл транспорт тизимини шакллантириш жараёнини тугаллаш имконини берди", деди бош вазир. Унинг сўзларига кўра, мазкур муҳим темир йўл участкасининг ишга туширилиши тарихий Буюк Ипак йўлининг тикланишига қўшилган бебаҳо ҳисса бўлди. 

Таъкидлаш жоизки, Боку-Тблиси-Қарс темир йўлини қуришга доир шартнома 2007 йилда Тблисида имзоланган. Ўша йилнинг ноябрида Грузиянинг Марабдасида темир йўл линияси қурилишига старт берилган. БТК темир йўл линиясининг 504 километри Озарбойжон ҳудудига, 263 километри Грузияга ва 79 километри Туркия ҳудудига тўғри келади. 

Top