07:40 / 31.10.2017
8709

Microsoft ходими тақдимот вақтида рақобатчи компания браузеридан фойдаланишга мажбур бўлди

2017 йил сентябрь ойи охирида Флорида штатида Microsoft Ignite анжумани бўлиб ўтганда Microsoft’нинг Edge браузери билан ноқулай вазият юзга келди. Гап шундаки, анжумандаги чиқишлардан бирида Microsoft ходими ўз нутқини бўлиб, Google Chrome браузерини ўрнатишига тўғри келган, чунки стандарт Microsoft Edge осилиб ишлаган. Бундан анжуманнинг YouTube-каналида жойлаштирилган видео гувоҳлик беради.

Воқеа компания ходими фойдаланувчилар дастурлари ва маълумотларини Microsoft Azure булутли хизматига қандай ўтказишлари мумкинлиги ҳақида сўзлаётганда юз берган. Ходим булутли хизматнинг демо-версиясини Edge браузери ёрдамида кўрсатаётганда браузер вақти-вақти билан осила бошлаган. Охир-оқибат бундан "тўйган" ходим Google’нинг Chrome браузерини юклаб олиш учун бироз танаффус қилишини айтган. Бу эса анжуман иштирокчилари орасида кулгу кўтарилишига ва олқишларга сабаб бўлган. Компания ходими рақобатчи компания браузерини ўрнатгач, нутқини давом эттирган.

Браузернинг ўрнатилиши жараёни ҳам видеода акс этган. Ушбу ҳолат видеонинг 37:20 дақиқасидан бошланган.   

"Биз Google’га яхшироқ бўлишга ёрдам бермаймиз", деб "ғайрилик" қилган Microsoft ходими ва дастурни ўрнатиш вақтида "Фойдаланиш статистикаси ва носозликлар ҳақида ҳисоботларни автоматик юбориш орқали Google’га яхшироқ бўлишга ёрдам бериш" бандига қўйилган белгини олиб ташлаган.

 

Top