04:11 / 02.11.2017
6202

Федотов Ўзбекистоннинг наркотикларга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларига  юқори баҳо берди 

Фото: БМТ

БМТ бош котибининг ўринбосари ва  БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Юрий Федотов 31 октябрда Ўзбекистонга ташриф буюрди. 

Фетодов Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда самимий қабул учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдирди.

Унинг айтишича, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини чуқур таҳлил қилиб берди. 

Федотовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон минтақа ва халқаро тузилмалар доирасида гиёҳвандликка қарши курашишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бу Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида имзоланган гиёҳванд моддалар билан боғлиқ муаммоларга қарши курашиш бўйича англашув меморандуми мисолида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Федотов учрашув якунларидан келиб чиққан ҳолда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча ҳужжатлар тайёрлаш, яъни "йўл харитаси"ни белгилаб олиш, муҳокама қилинган таклиф ва ғояларни изчил амалга оширишга келишиб олинганини маълум қилди.

Мамлакатимизда наркотикларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, гиёҳвандлик иллати ёйилишининг олдини олиш, бу борадаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ мақсадли комплекс тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон 1995 йил БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш тўғрисидаги конвенциясига қўшилган.

1999 йил Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган.

Top