14:30 / 02.11.2017
6704

Назарбоев: «Ротшильд» Қозоғистон Миллий банкига маслаҳатлар бермоқда

Фото: Akorda.kz

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Rothschild & Co компанияси раҳбарияти - Эрик де Ротшильд, Клаус Мангольд ва Жованни Салветти билан учрашди, деб хабар бермоқда Оқўрда матбуот хизмати.

Матбуот хизматининг хабар беришича, учрашув давомида Нурсултон Назарбоев «Ротшильд» компаниясининг молиявий секторда бой тажрибага эгалигини таъкидлаб, халқаро салоҳиятини алоҳида тилга олиб ўтган.

«Ротшильд» компанияси дунёдаги энг қадимги ва энг йирик молия муассасаларидан бири. Сиз хусусий сармоялар билан шуғулланиш бўйича катта тажрибага эгасиз. Бу тажриба эса бизнинг мамлакатимиз учун жуда муҳим, шунинг учун ҳозирда Қозоғистон Миллий банкига маслаҳатлар бермоқдасиз», - деди Қозоғистон президенти.

Эрик де Ротшильд Нурсултон Назарбоевга учрашиш имконияти яратилгани учун миннатдорчилик билдирди ва Қозоғистоннинг жадал ривожланишидан ажабланганини яшириб ўтирмади.

«Бу Қозоғистонга биринчи ташрифим, сўнгги икки кун давомида кўрганларимдан жуда мамнунман. Сизнинг ишингиз туфайли мамлакатингиз келажакда энг яхши ва динамик тарзда ривожланади. Қозоғистон Осиё ва Европа ўртасида кўприк саналиб, ноёб географик позицияга эга. Бизни иқтисодиётни диверсификация қилиш, саноатни ривожлантириш ва хомашёга қарам иқтисодиётдан четлашиш бўйича ёндашувингиз ҳайратга солди», - деди компания директорлар кенгаши раиси Эрик де Ротшильд.

Маълумот учун, Rothschild & Co Ротшильдлар оиласига тегишли бўлган, икки юз йиллик тарихга эга мустақил халқаро молия-консалтинг фирмаси. Компаниянинг тўртта бўлинмаси бор: глобал молиявий консалтинг, акциядорлик капиталига тўғридан-тўғри инвестициялар, бой мижозлар учун активларни бошқариш ва институционал инвесторлар активларини бошқариш.

Top