20:10 / 02.11.2017
57857

Тошкентда комендантлик соати жорий этилмаган

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасида ташкил этилган матбуот анжуманида айрим хорижий ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида пайдо бўлаётган баъзи хабарларга муносабат билдирилди.

Дастлабки савол Тошкент шаҳрида гўёки фавқулодда тартиб жорий этилгани, кафе ва ресторанларга тунги 23-00 дан сўнг фаолият юритишга йўл қўйилмаётгани, фуқаролар текширилаётгани хусусидаги иддаолар ҳақида бўлди. 

ШИИББ пост-патрул хизмати вакили подполковник Азиз Султоновнинг таъкидлашича, шаҳарда ҳеч қандай комендантлик соати жорий этилмаган. 

“Шаҳарда комендантлик соати тартиби ўрнатилмаган. Барча фуқароларимиз кўчаларда айланиши, ишга бориб-келишлари, кечки сайр қилишлари мумкин. Юқорида қайд қилинган ҳолатлар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар сирасига киради”, - дея ойлдинлик киритди Султонов. 

Унинг айтишича, ҳар қандай кафе-барлар, ресторанларнинг фаолият вақти Тошкент шаҳар ҳокимиятидан белгиланади. Тунги соат 23-00 дан сўнг ёпилиши керак бўлган овқатланиш тармоқлари фаолияти назорат қилинади. Бундан ташқари, асосий профилактик тадбирлар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар кўп содир бўлиши кузатилган ҳудудларда ўтказилади. 

Султоновнинг ойдинлик киритишича, тадбирлар вақтида асосан, бемақсад юрган, юриш-туришида шубҳа уйғотган ёки жиноят содир этишга мойил бўлган фуқаролар икки хил тартибда жиддий текширилади. Масалан жойида ахборот коммуникация воситалари орқали фуқаронинг шахси аниқланади ва савол-жавобдан сўнг шубҳа уйғотмаса, узр сўраб қўйиб юборилади ёки уйига элтиб қўйилиши (асосан хорижий фуқаролар) ҳам мумкин.

ШИИББ ППХ вакилининг маълум қилишича, профилактик тадбирлар натижасида йилнинг ўтган 10 ой мобайнида республика миқёсида қидирувда бўлган 146 киши Тошкент шаҳрида ушланган. 1443 та жиноят фош этилган. Бундан ташқари 250 та жиноятнинг олди олинган. 138 минг 794 та ҳуқуқбузарликлар аниқланган. 

Султоновнинг қайд этишича, айрим ҳуқуқбузарликлар, таҳлилларнинг кўрсатишича, жиноятга айланиб кетиш эҳтимоллари мавжудлиги нуқтаи назаридан ўзига хос ижобий натижа ҳисобланади.  

Шу ўринда ШИИББ расмий вакили Дониёр Тошхўжаевнинг қўшимча қилишича, шаҳарда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика тадбирлари фақат тунги вақтларда эмас, балки 24 соат мобайнида узлуксиз давом этади. 

Top