23:53 / 03.11.2017
41316

Махсус интервью: Хоразмлик ёш ихтирочидан ажойиб янгилик

Фото: "Жажжи академик" журнали

30 октябрь куни пойтахтимиздаги “Ёшлар ижод саройи”да Халқ таълими вазирлиги томонидан илк маротаба ўтказилаётган “Youth techno art” (Болаларнинг техник ижодкорлиги) фестивал-танловининг республика босқичи ўтказилди. Мазкур танловнинг “Радиотехника, электроника ва алоқа” йўналишида Хоразм вилоятидан ташриф буюрган Нодирбек ўз ихтироси билан фахрли биринчи ўринни қўлга киритди.

Кun.uz мухбири фестивалнинг якуний босқичида иштирок этиб, ёш ихтирочи билан махсус интервью тайёрлади.

Танишинг: Болтаев Нодирбек
Қаерда ўқийди:
Урганч шаҳар 1-сон мактаби, 7 синф ўқувчиси
Ихтиро номи: Асл парранда зотлари фермаси
Кимлар учун мўлжалланган: тадбиркорлар, фермерлар, паррандачилар

Фото: "Жажжи академик" журнали

Техника йўналишида бирон-бир янгилик яратиш анчайин мураккаб жараён саналади. Нодирбек, айтинг-чи, бу соҳага бўлган иштиёқингиз қачон уйғонди?

Техника йўналишига 2013 йилдан буён қизиқа бошладим. Бу соҳага бўлган қизиқишимга устозим Одилбек Эрназаров сабабчи бўлган. Даставвал, турли кемаларни ясашни ўргандим. Кейинчалик эса дарсдан бўш вақтда бошқа бир техник қурилмалар, лойиҳалар яратиш билан шуғуллана бошладим.

Бугунги танловда сиз қандай янгилик билан иштирок этдингиз?

Бугунги мусобақада мен асл парранда зотларини парваришлашда электр қуввати ва сувларни тежаш бўйича янги ғоямни намойиш қилдим. Унга кўра, менинг асосий қуролим картонгофра бўлиб, ундан мунтазам равишда сув келиб туради. Бу эса хонани бемалол 10 даража паст ҳароратга туширишга ёрдам беради. Бироқ бу ҳаво паррандаларга жуда ҳам совуқлик қилгани учун хонани 20 даражагача махсус термо датчик орқали иситамиз. Термодатчик ҳарорат 20 даражадан кўтарилганда ёнади, тушганда эса ўчади. Таймер эса чироқларни ўчишини автоматик тарзда назорат қилади. 

Сиз яратган ихтиронинг кундалик ҳаётда аҳамияти қандай? 

Ҳозирда чекка қишлоқ ҳудудларда чироқнинг тез-тез ўчиб туриши барчага маълум. Мен яратган лойиҳа эса электр қувватини фермерлик ва паррандачилик соҳаларда янада тежашга ёрдам беради. Қолаверса, тежаб ишлатилган электр токи олисдаги ҳудудларга ҳам ўз вақтида етиб боради. 

 

Фото: "Жажжи академик" журнали

Келажакда бу ғояни мукаммаллаштириб, амалиётга кенг татбиқ этишни истайсизми? 

Ҳа, мақсадим фермерларимизга кўпроқ даромад олиши ва камроқ харажатлар қилишига яқиндан ёрдам бериш. Кейин эса бу ихтиро ҳақида тўлиқ маълумотлар бериб, халқаро миқёсда таништириш ниятим мавжуд. 

Ўзингиз ҳам паррандачилик билан шуғулланасизми? 

Ҳа, авваллари оилам билан биргаликда 6-10 мингдан ортиқ паррандалар боқардик. Ҳозирда асосан бедана боқиш билан машғулмиз. Тўғри, менинг ғоям соҳада янгилик бўлмаслиги мумкин. Чунки кўплаб тадқиқотчилар паррандаларни боқишда самарали усулларни топиш билан шуғулланади. Бироқ ҳеч ким шу вақтгача картонгофрадан фойдаланмаган. Бу қоғоз энг арзон восита бўлиб, ҳаттоки, бозорда сотувчилар ҳар куни минглаб картонларни чиқиндига ташлашади. 

Бу ихтирони яратишга қанча вақт сарфладингиз?

Бу режамни бир ой ўйлаб юрдим. Кейин ясашга қарор қилдим. Ҳозирда ихтиро учун керакли бўлган материалларни йиғмоқдамиз.

Феруза Авазова суҳбатлашди

Top