09:19 / 03.11.2017
34704

Петербургда Ўзбекистон ва Тожикистондан келган ўнлаб меҳнат мигрантлари заҳарланди

Санкт-Петербургдаги «Народний» универсамида ишловчи Тожикистон ва Ўзбекистондан келган ўнлаб меҳнат мигрантлари заҳарланиш белгилари билан касалхонага ётқизилган. Бу ҳақда Asia-Plus нашри Neva.today газетасига асосан хабар бермоқда.

Санкт-Петербург тергов органлари ва «Роспотребнадзор» бошқармаси Косигин шоҳкўчасида жойлашган «Народний» универсами ходимларининг сальмонеллез билан оммавий касалланиши ҳолатини текширмоқда. Жами 33 киши заҳарланган, улардан 32 нафари касалхонада.

Таъкидланишича, касалланганларнинг барчаси - Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, улар универсамда ишлашган. Касалхоналарда ушбу шахсларнинг деярли барчаси Россия шимолий пойтахтида яшаш бўйича ёлғон манзилларини тақдим қилишган. «Касаллик енгил, ўрта ва жиддий шаклда кечмоқда. Ўлимга олиб келадиган ҳолатлар қайд этилмади», - дея таъкидлаб ўтишган «Роспотребнадзор»дан.

Сальмонеллезнинг тарқалиши муносабати билан «Народний»да санитария-эпидемиология текшируви ва терговдан аввалги суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Текшириш тадбирлари кучишлатар тузилмалар ходимлари иштирокида ўтмоқда, чунки савдо мажмуаси маъмурияти аввалги йилларда текширув ўтказишга фаол равишда тўсқинлик қилиб келган.

Top