00:50 / 03.11.2017
22658

Toyota водород ёқилғисида ишловчи, шиналарига ҳаво урилмайдиган автомобилни тақдим этди

Кўплаб авто ишлаб чиқаручилар сўнгги йилларда нафақат электромобиллар ишлаб чиқариш соҳасини ўзлаштиришмоқда, шунингдек, ёқилғи сифатида водороддан фойдаланадиган автомобиллар устида иш олиб боришмоқда. Яқинда Япониянинг Toyota автоконцерни Токио автосалони доирасида «водородли» кроссовернинг жуда қизиқ концептини тақдим этди, деб ёзади Hi-news.

Концепт Fine-Comfort Ride деб ном олди ва водородли куч қурилмасидан ташқари яна бир қизиқ деталга эга: у ҳаво тўлдирилмаган шиналарга эга.

Bloomberg нашрининг ёзишича, бу ишланма автомобиль вазини енгиллаштиради ва унинг унумдорлигини кўпайтиради. Бундан ташқари, ҳавосиз шиналар ҳар бир ғилдиракда ўзининг мўъжаз двигателига эга. Ҳар бир шина резина, алюминий ва пластикдан иборат. Бу таркибий қисмларнинг барчаси двигателлари билан биргаликда анъанавий конструкцияларга нисбатан енгилроқ.

Боз устига, японлар автомобилларнинг умумий массасини 30 фоизга енгиллаштирувчи технологияни 2025 йилга бориб жорий этишни мўлжаллашмоқда. Бу айниқса электрокарлар ва бошқа муқобил ёқилғи манбаларидан фойдаланадиган автомобиллар учун муҳим, чунки вазннинг енгиллаштирилиши уларга камроқ энергия ва ёқилғи сарфлаш имконини беради.

Яна шуни қайд этмоқ жоизки, ҳавосиз шиналар автогигантнинг буюртмасига кўра ишлаб чиқарилган. Уни Sumitomo Rubber компанияси яратган. Шина ишлаб чиқарувчининг режалари  Toyota’никидан ҳам улканроқ. Sumitomo Rubber’нинг ҳавосиз шиналар лойиҳаси раҳбари Вако Ивамура шундай деган:

«Бизнинг мақсадимиз — 2020 йилгача тижорий жиҳатдан муваффақиятли маҳсулот яратиш. Лекин биз аввало кўплаб қийинчиликларни енгиб ўтишимиз керак. Масалан, айни дамда ҳаракат чоғида шиналаримизда ишқаланиш анаъанавий шиналарга нисбатан 10–20 фоизга кўпроқ. Бундай характеристика ярамайди, шу сабабли яқин орада ечим топишимиз керак бўлади».

Top