13:47 / 04.11.2017
26961

“Қайнарбулоқ” олдидаги тунги шарпалар

Дилшоднинг хаёлини “ғойибдан келажак” мўмай даромад ўғирлади-қўйди. “Шундоққина оёғинг остида пул дарёдай оқиб ётган бўлса-я... Челаклаб олганинг билан дарёнинг суви камайиб қолармиди?”. Шу тариқа у Жавлон Ҳусаинов ва бошқалар билан жиноий тил бириктирди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Шериклар Ғузор тумани Абдуҳамид қишлоғи орқали ўтувчи “Шўртаннефтгаз” МЧЖга газ ва газ конденсатини етказиб берувчи юқори босимли газ қувурининг ер остидан ўтувчи 28-километридаги қисмини тешиб, “қайнарбулоқ” ҳосил қилишди. “Булоқ”қа қўлбола кран ўрнатишди, шланг улашди.

“ChigilNeftGaz” МЧЖнинг қўриқлаш участкаси команда бошлиғи Р.Луқмонов ўша тунда одатдагидек сергак эди. Навбатчи қўриқчи А.Жовлиев 28-километрда аллақандай шарпалар юргани ҳақида хабар қилиб қолди. Зудлик билан ўша ҳудудга отланишди. “Қайнарбулоқ”қа яқинлашганларида, тепаликдан уларни кўриб қолган конденсат ўғрилари иккита машинага ўтириб, қочиб қолишди. Бироқ уларнинг бир шериги афтидан машинага чиқишга улгурмади, шекилли, ўзини ташлаб кетган оқибатсиз шерикларининг чап қулоғини қизитганича, “қайнарбулоқ” ёнида қолиб кетди.

Қўриқчилар Жавлон Ҳусаиновдан нима қилишаётганини сўрашганида, конденсат ўғирлашаётганини тан олишдан ўзга илож топа олмади. Қувур тешиги ёнида қолиб кетган 200 литрлик сиғимдаги темир бочка ва айримлари тўлдирилган, айримлари бўш елим идишлар ҳамда шланг ҳам бу ерда нималар бўлганидан далолат бериб турарди. Жавлон унга фақат конденсат тўлдирилган идишларни машинага ортиш топширилганини, қувурни ким тешганини билмаслигини, ўша кеча бу ерга қишлоқдошлари С.Пўлатов ва Д.Раупов билан бирга келишганини, нариги машинадагиларни танимаслигини билдирди.

“ChigilNeftGaz” МЧЖ маълумотларига кўра, Абдуҳамиднинг қишлоғи орқали ўтган газ қувури юқори босимли ҳисобланади. Унинг конденсат ўғрилари томонидан тешилиши натижасида хомашёни етказиб беришда муаммолар, ҳосил қилинган очиқ фаввораларда портлаш хавфи юзага келган. Кеча-ю кундуз навбатчилик қилиниши натижасида портлаш ва ёнғиннинг олди олинди. Қувурни таъмирлаш вақтида – 21 соат давомида заводга хомашёни бошқа коллектор орқали етказиб туришга тўғри келди. Таъмирлаш вақтида оловли ишлар олиб борилгани боис, носоз қувурдаги V-243 минг метр куб (7 млн. 600 минг сўмлик) газни атмосферага бўшатишга мажбур бўлишди. Бошқа ташкилотларнинг махсус бригадалари ва техникалари ёлланди. Шу тариқа таъмирлаш ишларига жами 13 млн. 309 минг сўм сарфланди.

Қилғиликни қилиб қўйиб, суд залида бошини хам қилиб ўтирган қувуртешарлар жиноятларига қисман иқрор бўлишса-да, жиноятнинг оқибатини тушунмасдан содир этишганини, етказилган зарарни тўлашга қурблари етмаслигини билдиришди.

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод тумани судининг ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан Ғузор тумани Гулшан ҚФЙ Чақар қишлоғида яшаган Дилшод Рауповга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Амнистия туфайли у тайинланган жазодан озод этилди. Илгарироқ Ж.Ҳусаиновга ҳам тегишли тартибда жазо тайинланган эди. Нефть-газ корхоналарига етказилган моддий зарарлар ҳам улардан ундириладиган бўлди.

Ер ости бойликлари умуммиллий бойлик ҳисобланади. Ўзбекистон иқтисодиётини равнақ топтиришда уларнинг аҳамияти жуда катта. Бу бойликларга кўз олайтириш халқнинг ризқига хиёнат ҳисобланади.

Афсуски, Дилшод ва Жавлон буни кенг англаб етишди. Дарвоқе, улар ҳақиқий “қайнарбулоқ” – ҳалол меҳнат эканини ҳам тушунишганмикан? 

Top