23:57 / 05.11.2017
12787

Япония бош вазири Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди

Япония парламентининг қуйи палатасидаги овоз бериш натижаларига кўра Япония бош вазири лавозимига қайта сайланган Синдзо Абэ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг унга шу муносабат билан йўллаган табрик мактуби учун миннатдорлик билдирди. Абэ давлатимиз раҳбарига миннатдорлик сўзларини мактуб орқали йўллаган.

“Жаноби Олийлари! 

Японияда бўлиб ўтган умумпарламент сайловида қозонилган ғалаба муносабати билан самимий қутлаб, шошилинч табрик йўллаганингиз учун Сизга чин қалбимдан миннатдорлик изҳор этишга рухсат бергайсиз. 

Сайлов мураккаб вазиятда ўтганига қарамасдан, Либерал-демократик партия ғалаба қозонишга муваффақ бўлди ва мен Сиз, Жаноби Олийлари билан ҳамкорликни давом эттиришдан ғоят мамнунман. 

Сиз, Жаноби Олийлари билан Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатларимиз олдида турган халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалаларни, жумладан, Шимолий Корея муаммосини барқарорлаштириш йўлида бундан кейин ҳам яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятидаман. 

Сизнинг табригингиз ва эзгу тилакларингиз учун яна бир бор самимий миннатдорлик изҳор қиламан”, деб ёзган Синдзо Абэ миннатдорлик мактубида.

Top