11:40 / 05.11.2017
14099

Super Sunday! Икки марказий учрашув ҳақида барча фактлар

Фото: Getty Images

Англия премьер-лигасининг 11-туридан ўрин олган якшанба кунги учрашувлар катта байрамга айланиши кутилмоқда. Сабаби чемпионлик учун кураш олиб бораётган бир йўла тўрт жамоа бугун ўзаро жуфтлик бўлиб ҳисоб-китоб қилиши кутилмоқда. Tribuna.Uz 2017 йилнинг энг футболли якшанбаси марказий ўйинларидаги қизиқарли фактларга эътибор қаратди.

«Манчестер Сити» — «Арсенал»
Бошланиш вақти: 
19:15 (Тошкент вақти билан)
Трансляция: UzReport TV, Матч! Футбол 1

Хосеп Гвардиола шогирдлари Англия премьер-лигаси ташкил қилинганидан буён энг яхши старт олган жамоага айланиб бўлди. 10та учрашувда 28 очко, 35та гол ва тўплар нисбатидаги 29 плюс кўрсаткични шу кунга қадар бирор-бир инглиз жамоаси кўрсата олмаганди. «Арсенал» эса АПЛ доирасидаги сўнгги 5 учрашувнинг 4тасида ғалаба қозонди ва биргина «Уотфорд»га имкониятни бой берди. Қайсидир маънода жамоа юксак спорт формасига кириб олган.

Қизиқарли фактлар

Фото: Getty Images

«Манчестер Сити» «Арсенал»га қарши барча мусобақалардаги сўнгги 9 учрашувнинг бор-йўғи биттасида ғалаба қозонган (4 дуранг, 4 мағлубият). Ўша ғалаба ҳам ўтган мавсумда кузатилган. Умуман олганда АПЛ доирасида бу икки жамоа 40 марта рўбарў келган бўлиб, шундан фақатгина 7 учрашувда «шаҳарликлар»нинг қўли баланд келган. «Арсенал»да 23 ғалаба. 10та учрашувда дуранг қайд этилган.

«Манчестер Сити» жорий мавсумда ҳисобда олдинда борган 9 учрашувининг барчасида ғалаба қозонган. «Арсенал» эса ютқазиб турган учрашувларда ғалаба қозониш (3 марта) ва кўп очко (9 очко) тўплаш бўйича етакчи саналади.

Тео Уолкотт «Этиҳад» стадионида гол киритиш бўйича (3та гол) «Арсенал»нинг бошқа исталган футболчисидан яхшироқ натижага эга.

Серхио Агуэро «Манчестер Сити»нинг «Арсенал»га қарши барча мусобақалардаги сўнгги 7 учрашувида 5та гол киритишга муваффақ бўлган.

Йўқотишлар
«Манчестер Сити» таркибида янги жароҳат олган ёки дисквалификация қилинганлар йўқ. Винсан Компани ва Бенжамин Менди эса анчадан буён майдонга тушмаяпти ва бу учрашувда ҳам улар ўйнай олишмайди.

«Арсенал» таркибида эса Шкодран Мустафи, Дэнни Уэлбек, Давид Оспина, Санти Касорла ва Калум Чамберс жароҳати сабаб майдонга туша олмайди. Сиёд Колашинацнинг иштироки эса сўроқ остида қолмоқда.

«Челси» — «Манчестер Юнайтед»
Бошланиш вақти: 
21:30
Трансляция: Futbol TV, Матч! Футбол 1

Ўтган мавсумда «Стэмфорд Бриж»да Моуриньо жамоасини тор-мор келтирган Конте, ўйиндан кейин Моуриньодан талабнома олганди: «бунчалик бизни ерга уриб юборма». Бу мавсумда вазият бошқачароқ ва Моуриньода қайсидир маънода ўтган йилги аламли мағлубият учун ўч олиш имконияти мавжуд.

Қизиқарли фактлар

Фото: Getty Images

«Челси» «Манчестер Юнайтед»га қарши АПЛ доирасидаги сўнгги 15 учрашувнинг фақат биттасида мағлубиятга (9 ғалаба, 5 дуранг) учраган.

«Манчестер Юнайтед» АПЛ доирасида энг кўп (17 марта) мағлубиятни ва энг кўп голни (66 та гол) айнан «Челси»га қарши учрашувларда қабул қилиб олган. Бошқа бирор-бир АПЛ жамоаси «МЮ»ни бу қадар кўп ранжитмаган.

Умуман олганда бу икки жамоа АПЛ доирасида барча 25 мавсумда ўйнаб, ўзаро 50 марта тўқнаш келган. Юқорида эслаганимиздек «Челси» 17 учрашувда зафар қучган бўлса, 14 учрашувда «МЮ»нинг қўли баланд келган. 19 учрашувда дуранг қайд этилган.

«Манчестер Юнайтед» жорий мавсумда АПЛда киритган голларининг 21 фоизини учрашувнинг сўнгги 10 дақиқасида киритган.

«Манчестер Юнайтед»да захирадан майдонга тушган футболчилар шу кунга қадар 7 гол ва 4та голли узатмани амалга оширишган ва бу борада ҳам АПЛда етакчи бўлиб турибди.

Йўқотишлар

«Челси» ўнг қанот вакили Виктор Мозес хизматидан фойдалан олмайди. Шунингдек Нголо Кантенинг ҳам иштироки катта сўроқ остида қолмоқда.

«Манчестер Юнайтед» эса Майкл Кэррик, Маруан Феллайни, Златан Ибраҳимович, Маркос Рохо, Пол Погба ва Жесси Лингард хизматидан фойдалан олмайди. Бу футболчиларнинг барчаси жароҳат олган.

Азамат Муродов тайёрлади

Top