16:10 / 06.11.2017
11349

Суриянинг ИШИДдан озод қилинган туманлари аҳолиси сони 4,5 баробарга ўсди

Фото: Anadolu

«Фирот қалқони» амалиёти натижасида ИШИД террорчиларидан озод қилинган туманлардаги ўз уйларига қайтаётган Сурия фуқароларининг сони ортиб бормоқда. Бу ҳақда «Анадолу» хабар тарқатди.

Мухолифатнинг муваққат ҳукуматига бўйсунадиган маҳаллий кенгашлар ушбу ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишди. Аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, «Фирот қалқони» амалиёти вақтида ИШИДдан озод қилинган туманлар аҳолиси сони 4,5 баробарга, баъзи ҳудудларда эса деярли тўққиз баробарга ўсган.

Амалиёт бошланишидан олдин минтақа аҳолиси сони 52 минг кишини ташкил этган, ҳозир бу рақам 236 мингга етди.

ИШИД террорчилари босиб олган вақтда Суран посёлкасининг аҳолиси сони беш минггача қисқарди, ҳозир эса бу ерда 25 минг киши яшайди.

Чобанбейли чегара яқинидаги посёлканинг аҳолиси ҳам тўрт мингдан 20 минг кишигача ошди.

ИШИД террорчилари пайтида Жераблус тумани аҳолиси сони етти мингга қисқарган бўлса, бугунги кунда бу ерда 36 минг киши истиқомат қилмоқда.

Туркия қўллаб-қувватлови билан туманда электр энергия ва сув таъминоти қисман тикланди, бу ерда мактаб ҳамда шифохонада ишламоқда.

ИШИД пайтида Ал-Боб шаҳри аҳолиси 12 мингга қисқарганди. Сурия озодлик армиясининг ИШИД террорчилари билан жанглари давомида қолган фуқаролар ҳам Ал-Бобни тарк этишди. Бугун Ал-Бобда 106 минг инсон яшамоқда, ҳамда шаҳарда тиклаш ишлари давом этмоқда. Аҳоли Ал-Бобга қайтишда давом этяпти.

Top