13:40 / 06.11.2017
23592

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги қатор мамлакатлар билан фаол ҳамкорликка киришди

Фото: KUN.UZ

6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги "Комплекс тест маркази"нинг очилиши олдидан матбуот анжуманини ўтказди. Тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди.

Матбуот анжуманида Комплекс тест маркази ташкил этилишининг мақсад ва вазифалари, хорижга бориш истагида бўлган, шу жумладан Кореяда ишлаш истагидаги фуқароларни синовдан ўтказиш ва рўйхатга олишнинг янгича тартиби ҳақида сўз борди.

Таъкидлаш жоизки, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ташқи миграция бўйича ҳамкорлик масалаларига катта эътибор қаратмоқда. Агентлик мазкур соҳада Россия Федерацияси, Польша, Жанубий Корея ва Япония давлатлари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйган.

Шу билан бирга, Туркия, Уммон султонлиги, БАА, Қозоғистон ва бошқа кўплаб мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро англашув меморандумларини имзолашга доир кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, агентлик хорижда ишлаш ниятидаги ўзбекистонликлар учун мамлакатда зарур шарт-шароитларни яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

Агентликнинг дастлаб тўрт минтақавий бўлими фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб барча вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг филиаллари очилди.

Японияга йўл олувчи фуқаролар учун кетиш олдидан ўқитиш ва кўникма ҳосил қилиш маркази фаолият юрита бошлади. Энди Японияга ишлаш учун кетадиган фуқаролар ушбу марказда тил ўрганиб, тайёргарлик кўришади. Марказ фуқароларга бошланғич таълим бериш ва япон тили, маданияти ва қонунларини ўрганишда ёрдам беради.

Бундан ташқари, Агентлик томонидан Санкт-Петербург "Меҳнат ресурслари маркази" давлат автоном муассасаси билан ҳамкорликда меҳнат мигрантларини Россияга кетиш олдидан тайёрлаш ва жўнатишга доир масалалар юзасидан Самарқандда Марказ ташкил қилиш тўғрисидаги Меморандум имзоланди. Мазкур марказ ишга тушгандан сўнг РФда ишга жойлашиш истагида бўлган юртдошларимизнинг ўқитилиши, тест синовлари, тиббий кўрикдан ўтказилиши ва тўлиқ ҳужжатлар тўплами билан Россияда ишлаш мақсадида рухсатнома (патент) олиш учун юборилиши Марказнинг ўзида амалга оширилади. Ҳозирда Марказнинг очилишини тезлаштириш бўйича зарур саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Top