15:50 / 09.11.2017
34384

Карлес Пуйоль ўзбек футболи, Месси, Роналду, Гвардиола ва бошқалар ҳақида

Карлес Пуйоль ўзбек футболи, терма жамоа мураббийлиги, Гвардиола ва бошқалар ҳақида

Каталониянинг «Барселона» клуби ва Испания терма жамоаси собиқ ҳимоячиси, Жаҳон ва Европа чемпиони Карлес Пуйоль Ўзбекистонга ташрифи доирасида ташкиллаштирилган матбуот анжуманида ҳам иштирок этди. Пуйоль журналистлар, тадбирда иштирок этаётган меҳмонлар ва мухлисларнинг ҳам саволларига жавоб қайтарди.

— Ҳаммага салом. Бу ерда бўлишимга сабабчи бўлган Ўзбекистон футбол Федерациясига раҳмат айтмоқчиман. 2008 йил ҳам Ўзбекистонга келгандим. Яна бир бор бу ерда эканлигимдан хурсандман.

— Хосеп Гвардиола «Барселона» бош мураббийи бўлган вақтларда жуда ҳам талабчан бўлган дейишади. Масалан унинг даврида футболчилар кечаси ҳам телефонини ўчириб қўйиши мумкин бўлмаган экан. Пеп истаса ярим тунда ҳам телефон қилиб, тактикаларни муҳокама қилган деган гаплар юради. Бу қанчалик тўғри? Сиз билан шундай қизиқарли воқеа содир бўлганми? 
— Гвардиола ажойиб мураббий. У билан ажойиб мавсумларни бирга ўтказганмиз. Айниқса бир йилда олтита совринни қўлга киритган вақтимиз барчаси ажойиб эди. Пеп Йоҳан Кройфдан қолган ўйин фалсафасини янада ривожлантириб, янги босқичга олиб чиқа олган мутахассис. Унинг тунлари ҳам футболчиларга қўнғироқ қилиши ҳақидаги гапга келадиган бўлсак, йўқ албатта. Бу гап шунчаки ҳазил тариқасида тарқалганди. Одатда мен соат кечки соат 23:00да ухлагани ётардим. Агар у қўнғироқ қилган тақдирда ҳам жавоб бермаган бўлардим.

— Мураббий сифатида ҳам иш бошлаш ниятингиз борми? Бир кун келиб мураббий бўлсангиз ва Ўзбекистон терма жамоасидан таклиф тушса, розилик беришингиз мумкинми? 
— Ҳозирча мураббийлик учун жуда ёшман деб ўйлайман. Энди 40 ёшга киряпман. Мураббийлик лицензиясини ҳозирча олганим йўқ. Шу боис мураббий сифатида иш бошлаш ҳақида кўп ҳам ўйлаб кўрмадим. Аммо келгусида мураббий сифатида иш бошласам, балки Ўзбекистон терма жамоасини ҳам бошқаришим мумкин. Буни вақт кўрсатади.

— Фаолиятингизнинг бошидаги муваффақиятларда Луи ван Гаалнинг муҳим ўрин тутиши ҳақида айтгандингиз. Бошқа бир интервьюингизда эса Гвардиолани энг кучли мураббий деб атагандингиз. Сиз учун уларнинг қайси бири қадрлироқ?
— Очиғи, кимнидир ажратиб кўрсатиш қийин. Чунки Луи ван Гаал мен етук футболчи бўлиб етишишимга катта ҳисса қўшган. Айнан у мени асосий таркибда тушириб, ишонч билдиришни бошлаганди. Гвардиола билан эса ютиш мумкин мумкин бўлган барча совринларни қўлга киритганман. Шу боис ҳар иккиси ҳам мен учун алоҳида ўринга эга. 

— Айни вақтда футбол агенти сифатида ҳам ишлаяпсиз. Ўзбекистондан футболчиларни Европага тавсия қила олишингиз мумкинми? Умуман ўзбек футболида кимнидир кузатиб боришга улгурдингизми?
— Биласизми, бирор-бир футболчини танлаб, уни кузатиб кашф қилиш анча мураккаб иш. Аммо бу жуда яхши фаолият дея оламан. Масалан, «Ла-Масия»да («Барселона» академияси — Tribuna.Uz) ёш футболчиларни аввало футболчи эмас, балки етук инсон бўлиб етишиши учун ҳаракат қилинади. Улар футболда муваффақиятга эришмаган тақдирда ҳам келгусида бирор кимга фойдаси тегадиган бўлиши керак. Умуман «Реал» ёки «Барселона»да ўйнаш учун талаблар жуда қаттиқ бўлади. Бу жамоаларда тўп суриш учун доим жуда кўп меҳнат қилиши керак. Биринчи навбатда шуларга амал қилиш лозим. Бу эса узоқ йўлнинг бошланиши бўлади.

— Ўзбекистонга ташриф буюриб бу ердаги диққатга сазовор жойларни кузатишга улгурдингизми? Бу ерда сизни нималар ҳайрон қолдирди? Ўзбек ошидан татиб кўрдингизми?
— Ўзбекистонга иккинчи бор келишим. Ўтган сафар ҳам, бу сафар ҳам жуда қисқа вақтга келдим. Шу боис мамлакатингиздаги барча диққатга сазовор жойларни айланишга улгурмадим. Лекин бир нарсани айтишим мумкин, дунёнинг ҳеч қайси давлатида Ўзбекистондаги каби ширин меваларни емагандим. Уларнинг мазасига гап йўқ. Ўзбек ошини эса ҳали еб кўрмадим.

— Ҳимоячи сифатида ҳар бир ўйинда ҳужумчиларга қарши ўйнашингизга тўғри келган. Сиз қарши тўп сурган рақиблардан қайси ҳужумчи сизга жиддий қаршилик кўрсатган?
— Жуда кўплаб кучли ҳужумчиларга қарши ўйнаганман. Масалан, Лео Месси машғулотлар вақтида менга жуда кўп қийинчилик туғдирарди. Рақиб жамоалардан эса энг хавфли ҳужумчи Дидье Дрогба эди. У жисмонан бақувват ва тезкор ҳужумчи эди. Унга қарши ўйнаш доим оғир бўлган. Шунинг учун Дрогбани энг хавфли ҳужумчи дея оламан.

— Энг кўп муҳокама қилинадиган саволни сизга ҳам бермоқчиман: Месси ёки Роналду? Сизнингча ким кучли? Улар футболни тугатгач, ким ўринбосар бўла олади, деб ҳисоблайсиз?
— Ҳозир биз дунёнинг энг кучли икки футболчиси ҳақида гапирмоқдамиз. Мессининг ҳар кунги машғулотларини кузатиш имкониятига эга бўлганман. Уни футбол тарихидаги энг яхши футболчи деб ҳисоблайман. Роналду ҳам кучли, йилдан-йилга пасайиш ўрнига, ўйинини кучайтириб бормоқда. Яқин келажакда ким уларнинг ўрнини босиши мумкин деган саволга Неймар деб жавоб бераман. Аммо ўйлашимча, яқин беш йилларда Месси ва Роналду ўрнини бошқаларга бериб қўйишига ишонмайман. 

— Сизнингча энг кучли ҳимоячи ким? 
— Жерар Пике. Футбол йилдан-йилга ўзгариб бораётган бўлишига қарамасдан, унинг услуби барча ўзгаришларга мос тушиб келмоқда. У исталган услубдаги жамоага мос келиши мумкин бўлган У ҳужумда ҳам яхши ўйнай олади. 

— Ўзбекистонда «Реал» ва «Барселона» мухлислари фан-клуби тузилган бўлиб, улар «Эль-класико»ни ҳам бирга ўтирган ҳолда, бир-бирига ҳурмат сақлаган ҳолда кўришга ўрганишмоқда. Умуман бу икки жамоа мухлислари ўртасидаги муносабатга қандай қарайсиз? 
— Дунёнинг энг кучли икки клуби ўртасидаги ўйинларда мухлисларнинг ўзини тутиши ҳам албатта жуда муҳим. Улар жуда эмоционал бўлади, аммо бу фақат ўйин давомида қолиши керак. Ўйин тугагач, барчаси унутилиши лозим. Мен ҳар доим «Барселона»га мухлислик қилганман. Ўйинларда ҳам томошабин сифатида ҳам. Аммо ўйин тугагач, барчасини унутиб, рақиб жамоадаги дўстларим билан ҳам ўйинни муҳокама қилиб кетаверганман. Футболда Fair Play биринчи ўринда бўлиши лозим.

— Тошкентга ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад нималардан иборат? ФИФА билан бугунги кундаги алоқаларингиз қандай ва бу ташриф уларнинг ҳам алоқаси борми? 
— Фаолиятимни тугатгач ФИФА томонидан FIFA legend лойиҳасида иш таклиф қилишди ва бунга розилик билдирдим. Айнан шу лойиҳа асосида Ўзбекистонга келдим. Бу ерда оммавий футболни ривожлантириш, ёш футболчиларга мастер класс ўтишни режалаштирганмиз. Умуман ФИФА билан мақсадимиз бутун дунёда футболнинг оммавийлигини оширишдан иборат.

Top