15:20 / 10.11.2017
58257

Видео: “Ёпиқ сув ҳавзаси”ни қуриш атрофидаги машмашалар

Фото: Kun.uz

Самарқанд вилояти Иштихон туманида бир бинонинг бузилиши ва унинг ўрнида ёпиқ сув ҳавзаси қурилиши атрофида фуқаро ва туман ҳокимияти ўртасида вужудга келган зиддиятнинг асл моҳияти нимада? 

KUN.UZ таҳририятига Иштихон туманида истиқомат қилувчи фуқаро Бунёд Ўроқовдан мурожаат келиб тушган эди. Шу муносабат билан таҳририят махсус мухбирлари 2017 йил 16 сентябрь куни хизмат сафари билан Иштихон туманига юборилди. Улар 8 саҳифали мурожаатда келтирилган фактлар қанчалик тўғри экани ва бошқа далиллар юзасидан журналистик суриштирув ўтказди. Қайд этиш жоизки, бу жараён 2 ярим ойдан кўпроқ вақт давом этди. 

Фото: Бунёд Ўроқов / Kun.uz

Фуқаро Бунёд Ўроқов ўз мактубида Иштихон тумани марказида жойлашган Маданият саройи биноси ноқонуний бузилиши ҳамда туман ҳокимлиги томонидан амалга оширилаётган қинғир ишлар хусусида қатор далилларни келтиргани, туман ҳокими Ш. Негматовнинг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан туман ва вилоят прокуратуралари, бошқа юқори турувчи идораларга мурожаат қилгани, аммо тайинли жавоб олмаганини иддао этган.

Унда таъкидланишича, Иштихон тумани ҳокимлиги Иштихон шаҳри марказида жойлашган, Маданият вазирлиги балансидаги “Маданият саройи” (собиқ Болалар шифохонаси)ни ўз вазирлик розилигисиз, балансига олиб, уни бузишга қонуний асос бўлмагани ҳолда бузгани, ундан чиққан қурилиш материаллари талон-торож қилингани айтилади. Шу билан бирга, Ўроқов собиқ болалар шифохонаси биносини, бўш турганлиги сабабли тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида Давлат мулки қўмитасидан ижарага олгани ҳамда унда таъмирлаш ишларини ўтказиш учун катта маблағлар сарфлаганини билдиради. У ўз фикрига бинонинг таъмирдан аввалги ва кейинги фотосуратларини илова қилади. Унинг айтишича, ҳокимият Ўроқовнинг қилган харажатларини қопламаган. 

Аризада келтирилган фактлар ўрганилганда, ҳақиқатдан қатор камчиликлар кўзга ташланди. Масалан, Иштихон тумани ҳокимлигининг Самарқанд вилояти ҳокимлиги Инжиниринг компаниясига йўллаган қарори нусхаси икки хил кўринишда мавжудлиги аниқланди. 

Фото: Иштихон туманидаги Ёпиқ сув ҳавзаси қурилиши / Kun.uz

Хусусан, Инжиниринг компаниясининг адвокат Б.Ҳайдаров сўрови бўйича 2017 йил 17 август куни йўллаган №01-1651 сонли жавоб мактубига илова қилинган ҳужжатлар тўпламида Иштихон туманининг 2017 йил 31 январдаги №249-қ сонли қарори нусхаси билан Иштихон тумани котибияти томонидан 2017 йил 17 июнь санаси билан “Аслига тўғри” деган муҳрга эга 2017 йил 31 январдаги №249-қ сонли қарори нусхаси ўртасида фарқлар бор.
 
Ҳокимиятдан мазкур ҳолат бўйича изоҳ сўралганида, “Аслига тўғри” дейилган ҳужжат қонуний кучга эгалиги, иккинчи нусха қоралама бўлгани, Инжиниринг компанияси Иштихон тумани ҳокимиятига 2017 йил 12 январь куни йўллаган №02/46т - сонли мактубида жавоб хатини бериш учун “бир кун муддат” бергани туфайли шошилганда қоралама нусха бериб юборилгани билан изоҳлади. Шу сабабли қарорнинг қораламаси ва асл нусхасида зиддиятлар пайдо бўлган, дейди туман ҳокими. 

Фото: Иштихон тумани ҳокими Ш.Негматов / Kun.uz

Шу ўринда савол туғилади. Айтайлик, ҳолат Иштихон тумани ҳокимияти айтганичалик бўлгандир. Аммо, эътибор берилса, Инжиниринг компаниясининг мактуби 12 январь куни юборилган, қоралама нусха бир кун ўтиб, яъни 13 январда юборилган бўлса, нима учун Инжиниринг компанияси томонидан адвокат Б. Ҳайдаровга 17 августда тақдим этилган ҳужжатлар тўпламида қоралама нусха сақланиб қолган? Ахир, айни ҳокимият томонидан ҳақиқийлиги айтилган қарор нусхасида “Аслига тўғри” муҳрига 17 августдан роппа-роса 2 ой аввалги сана ёзилганини қандай тушунса бўлади? Аниқроғи, “Аслига тўғри” муҳрли қарор тўғри экан, у ҳолда нима учун 17 августгача Инжиниринг компаниясидаги қарор нусхаси билан алмаштирилмаган? Қолаверса, Инжиниринг компанияси 1 кун муддат берган бўлса-да, ҳоким Ш.Негматов қарори 31 январда чиқарилган-ку! Шундай экан, қарорни шошилинч чиқарилган дейишга биз асос топа олмадик. 

Шунингдек, аслига тўғри ва иккинчи нусха қарор матнларида қатор бир-бирига зид ҳолатлар мавжуд бўлганига қарамай, иккинчи, ҳокимликнинг билдиришича, ҳуқуқий кучга эга бўлмаган қарор нусхаси Инжиниринг компаниясида узоқ муддат сақланган. 

Фото: Иштихон туманидаги Ёпиқ сув ҳавзаси қурилиши / Kun.uz

Б.Ўроқов бизга йўллаган мурожаатида Иштихон туманида Ёпиқ сув ҳавзаси қурилиши учун бино бузилиши ҳуқуқий асосга эга эмаслигини таъкидлайди. 

Ўроқов, шунингдек, Иштихон шаҳри №15 манзилда жойлашган собиқ Болалар шифохонасининг яроқлилиги хусусида Самарқанд вилояти Давлат архитектура қурилиш назорати инспекцияси бошлиғи в.в.б Б.А.Назаров имзоси билан 2016 йил 13 декабрда тақдим этилган хулосада бино яроқли экани ва капитал таъмирлаш мумкинлиги қайд этилганини айтар экан, шунинг учун бу бинони бузиш учун яроқсиз деган кейинги ҳужжатлар шубҳага асос бўлишини таъкидлайди. 

Фото: Иштихон туманидаги Ёпиқ сув ҳавзаси қурилиши / Kun.uz

Фуқаро Ўроқов, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 майдаги №291-сонли қарори ва 2017 йил 19 майдаги 295-сонли қарорига тақдим этилган бузилиши белгиланган бинолар рўйхатида Иштихон туманидаги бирорта бино бузилиши қайд этилмаганини уқдиради.

Журналист мазкур мурожаат бўйича ўрганишлар олиб бориб, ҳужжатлар ва даъволарни таққослаб кўрди. Албатта, биз бу ишда ким ҳақ, ким ноҳақ экани юзасидан якуний хулоса қилиш фикридан йироқмиз.

Туман ҳокимлиги эса, ушбу журналистик суриштирув юзасидан бизга тақдим қилган маълумотномаларида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 майдаги 291-сон, 2017 йил 19 майдаги 295-сон қарорларининг Иштихон тумани марказида “Ёпиқ сув ҳавзаси” қурилишига дахлдор эмаслигини таъкидлаган. 

Ҳокимликнинг билдиришича, мазкур ёпиқ сузиш ҳавзасини барпо этиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6-майдаги ПҚ 2961-сонли “2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг бюджети ва Болалар спорти объектлари ҳамда сузиш ҳавзаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича манзилли дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда. 

Шу ўринда эътиборингизга Иштихон тумани ҳокимияти томонидан мазкур ишга алоқадор бўлган ҳужжатлар тўпламини тақдим этамиз. Уларда ва унга берилган изоҳларда туман ҳокимияти нима асосда давлат дастурига киритилган Ёпиқ сув ҳавзасини қуриш учун собиқ поликлиника биноси бузилганига атрофлича тушунтириш беради. 

Даставвал 1978 йили ўша вақтдаги Ўзбекистон ССР Министрлар совети томонидан тасдиқланган Иштихон шаҳрининг Бош режаси ҳақида. Мазкур бош план 2015 йил бошида Вазирлар Маҳкамасининг Шаҳарсозлик кенгаши томонидан тузатишлар киритилган ҳолда, қайта тасдиқланган. Юқорида сўз бораётган бино айнан Иштихон шаҳрини ривожлантириш бўйича Бош режада бузиб ташланиши белгилаб қўйилган. Шунга кўра, мазкур бино бу йил бўлмаса, қачондир барибир бузилиши керак эди, дейди туман ҳокимият вакили. Бундан ташқари, ҳокимликнинг изоҳ беришича, ҳар қандай яроқли бўлган бино-иншоот шаҳарсозлик ва архитектура қоида ва меъёрларига мос келмаса, белгиланган тартибда бузиб ташланиши мумкин. 

Фото: Иштихон туманидаги Ёпиқ сув ҳавзаси қурилиши / Kun.uz

Шу билан бирга, ҳужжатлардан кўриниб турибдики, Иштихон тумани марказида ёпиқ сув ҳавзаси қуриш, Иштихон шаҳрига кириш автомобиль йўлларини тўла таъмирлаш бўйича ишлар 2016 йил 28 июнда ўша вақтдаги вилоят ҳокими З.Мирзаевнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев номига йўллаган 03/1-536 сонли мактуби ва 2016 йил 8 июлдаги 146 ВМ жавоб факсограммаси билан 2017 йилги Республика Инвестиция дастурига киритилганини кўриш мумкин. 

Ўроқовнинг мурожаат хатида ёзилган таъмирлаш ишлари борасида тушунтириш берган ҳокимлик Ўроқов ўзини тадбиркор сифатида кўрсатиб, Давлат мулки қўмитаси, Иштихон тумани маданият ва спорт ишлари бўлими билан 3 томонлама ижара шартномасини 2016 йил 31 декабрга қадар тузганини қайд этади. Қолаверса, фуқаро Ўроқов бинода таъмирлаш ишларини олиб борган, ваҳоланки, шартномада таъмирлаш ишлари назарда тутилмаган, бино эса, шартнома муддати тугаганидан сўнг, бузилган, дейилади ҳокимлик маълумотномасида.

Аммо, 2016 йил 24 октябрда 1706 рақам билан рўйхатдан ўтган ижара шартномасининг 4.3-моддаси иккинчи хатбошисида ижарага олувчи “объект”ни ўз кучи ва ҳисобидан жорий таъмирлаш ҳуқуқига эгалиги, 4.4-моддаси биринчи хатбошисида жорий таъмирлаш мажбуриятига эгалиги уқдирилган.

Шу билан бирга, ижара шартнома муддати тугаши хусусида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 533-моддасида “агар мулк ижараси шартномасининг муддати тамом бўлганидан кейин ҳам ижарага олувчи мулкдан фойдаланишни давом эттирса ва ижарага берувчи бунга эътироз билдирмаган бўлса, шартнома аввалги шартлар асосида номаълум муддатга қайтадан тузилган ҳисобланади”, деб қайд этилган. Ўроқовнинг ҳолатида на Давлат мулк қўмитаси, на балансда сақловчи шартнома муддати тугаганига қарамай, эътироз билдирмаган, аксинча Давлат мулки қўмитаси Самарқанд вилояти бошқармаси ижара шартномасини чўзиш бўйича 3 кун муддат берилган таклиф ҳам киритган. 

Фото: Иштихон тумани ҳокимлиги / Kun.uz

Шу ўринда Иштихон тумани ҳокимлиги тақдим қилган ҳужжатларда қуйидаги тушунтиришлар ҳам эътиборимизни тортди. Унга кўра, фуқаро Б.Ўроқов ва унинг оиласи аъзоси Т.Х.га 2 қаватли савдо дўкони қуриш учун ҳар бирига қурилиш ости майдони сифатида 40.0 м2  майдони туман ҳокимининг 2015 йил 31 декабрдаги 1961- ва 1962-сонли қарорларига асосан берилгани, унда қурилиш ишлари учун олти ой муҳлат ажратилгани ёзилади. 

Бироқ фуқаро Бунёд Ўроқовдан мазкур ҳолатни қандай изоҳлашини сўраганимизда, у туман бош архитектори Илҳом Азимов қурилиш ишларини олиб бориш учун асос бўладиган лойиҳа-смета ҳужжатларини шу пайтга қадар тайёрлаб бермай, аксинча сабабсиз чўзиб юрганини, лойиҳасиз эса, биноларни барпо қилиш имконсиз эканини таъкидлади. 

Умуман олганда Б.Ўроқовнинг мурожаати ва Иштихон тумани марказида барпо этилаётган “Ёпиқ сув ҳавзаси” учун бўш ётган яроқли бинонинг бузилиши бўйича тортишувнинг чегараси йўқ. Бир томон бино яроқли бўлган вақтда эмас, бузилиб 4 девор қолганида “яроқсиз” деган ҳужжат олингани, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги балансидаги бинони туман ҳокими ўз қарори билан ҳокимлик балансига ололмаслигини, қолаверса, давлат балансидаги ҳар қандай бинони бузиш учун Вазирлар Маҳкамасининг қарори талаб этилишини уқдираётган бўлса, иккинчи томон турли ҳужжатлар билан бу иддаоларни рад этиб келмоқда. Маҳаллий суд вакиллари ҳам ҳокимият жавобларини асосли топмоқда. 

Туман ва Самарқанд вилояти прокуратурасининг айрим ҳужжатларда тушунмовчиликлар ва бир-бирига зид жиҳатларга кўз юмаётгани ҳам бор гап, аслида. 

Сўнгсўз ўрнида таъкидлашни истардикки, афсуски, журналистик суриштирувимиз давомида мақоламиз бошида қўйилган саволга жавоб топишнинг уддасидан чиқа олмадик. Тадбиркор фуқаро ва туман ҳокимлиги ўртасида тортишувнинг асл моҳияти биз учун қоронғу бўлиб қолмоқда. 

Балки, бунга фуқаро Ўроқов ва туман ҳокими Негматовларнинг ўзларига маълум бўлган бошқа бир иш сабабдир, ким билсин!?

Толиб Раҳматов
Маъруфжон Асқаров

Самарқанд вилояти
 

Top