11:31 / 11.11.2017
27267

Инкассаторлар учун 300 та “УАЗ” йўлтанламаслари харид қилинди 

Фото: KUN.UZ/Иллюстратив сурат

Ўзбекистон инкассация хизмати Россиянинг Ульяновск автомобиль заводида ишлаб чиқариладиган 200 та “Патриот” ва 100 та “Пикап” русумидаги йўлтанламасларга буюртма берди. Бу ҳақда завод матбуот хизмати маълум қилган. Ўзбекистонга жўнатилган иккала модел ҳам оқ рангга, “Классик” комплектациясига эга. Тошкентда УАЗнинг маҳаллий ҳамкорлари машиналарни инкассацияда қўллаш учун махсус тайёрлайдилар.

“Ўзбекистонда УАЗ автомобилларига анъанавий равишда биринчи навбатда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бир қатор корпорациялар томондан талаб катта. Яқин орада биз маҳаллий ҳамкорларимиз кўмагида Ўзбекистон автомобиль бозорида ҳам иштирокимизни кенгайтирмоқчимиз”, деб айтган УАЗнинг экспорт бўйича директори Андрей Дорофеев.

Ўз навбатида “ЎзР Марказий банки Республика инкассация хизмати” ДУК бош директори биринчи ўринбосари Азизхон Ҳамидов УАЗ йўлтанламасларининг қайси жиҳатлари инкассация ходимлари томондан юқори баҳоланиши ҳақида сўзлаб берди: “Марказий банк хизматида УАЗ автомобиллари ўзини ишончли ва чидамли машиналар сифатида кўрсата олган. Шу сабабли УАЗ автомобиллари яна бежиз танланмади ҳамда УАЗдагилар Республика инкассация хизмати сўровларига ҳаммадан тез жавоб берадилар ва махсус вазифаларни бажарувчи техникаларини мақбул нархларда таклиф қиладилар. Ўзбекистонда валюта бозори эркинлаштирилиши эълон қилиниши билан инкассация хизмати олдида турган вазифалар ҳажми ошди, инкассаторлик машиналари паркида янги мобил техника ҳажми ҳам шунга монанд кўпайди”. 

Айни вақтда инкассация хизмати “Каптива” ва “Орландо” машиналаридан фойдаланиб келади.

Top