21:47 / 11.11.2017
10217

Ижевскда 9 қаватли уйни қасддан портлатишда гумон қилинган шахсга айблов қўйилди

Фото:Егор Алеев/ТАСС

Россия тергов қўмитаси Удмурдистон пойтахти Ижевскдаги 9 қаватли уйнинг маиший газдан портлашида шу уйда яшаган Александр Копитовни гумон қилиб, унга қасддан қотиллик содир этиш айбловини қўйди. Газ портлаши оқибатида 9 қаватли уйнинг бир подъездидаги 9-қаватдан 1-қаватгача бўлган қисми қулаб тушганди. Бу ҳодиса оқибатида 7 киши ҳалок бўлган. 

“Россия тергов қўмитасининг бош бошқармаси томондан Александр Копитовга Россия жиноят кодексининг “Хавфли усул билан икки ёки ундан кўпроқ одамни ўлдириш” моддасида кўзда тутилган жиноятни содир этиш айблови қўйилди”, деб маълум қилинди тергов қўмитасида.

Копитов унга қўйилган айблов бўйича умрбод озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Айбланувчининг ўзи унга қўйилаётган айбловларни рад этмоқда.

Дастлаб ушбу воқеа “Эҳтиётсизлик туфайли ўз ортидан икки ёки ундан кўпроқ шахснинг ўлимига олиб келган, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш” моддаси бўйича тергов қилинган.  

Маълум қилинишича, Копитов ушбу уйнинг портлаш марказидаги хонадонда онаси билан бирга яшаган. Тергов версиясига кўра, у жиноятни қўшниларига шахсий адоват сабабли содир этган. Шу сабабли, Копитовнинг руҳий соғломлиги бўйича шубҳа билдирилиб, унинг суд-психиатрик текширувдан ўтказилиши белгиланган.

Терговнинг тахминича, айбланувчи уйидаги газ шлангини тармоқдан узиб, дала ҳовлисига кетиб юборган. У айнан ўша ерда полиция томондан аниқланган.

Маълум қилинишича, айбланувчи Ижевскнинг туман судига етказилган. “Суд Копитовга нисбатан эҳтиёт чораси бўйича ҳукм чиқаради”, деб маълум қилган суд пристави.

Ижевскнинг Удмуртская кўчасида жойлашган уйнинг бир қисми 9 ноябрда кундузи портлаш оқибатида қулаб тушган. Фожиа оқибатида уйда яшаган 7 киши, жумладан 2 бола ҳалок бўлган, 3 ўсмир жароҳат олган. 

Фожиа сабабли 11 ва 12 ноябрь кунлари Удмурдистонда мотам кунлари деб эълон қилинган. 

Top