08:10 / 12.11.2017
33189

Аргентина ва Россия ўртасидаги ўртоқлик учрашувида рекорд қайд этилди

Фото: © Сергей Савостьянов/ТАСС

Расмий маълумотларга кўра, Россия ва Аргентина ўртасидаги ўртоқлик учрашуви Россия терма жамоасининг уй майдонида энг кўп одам ташриф буюрган учрашуви бўлди. 11 ноябрда “Лужники” стадионида ўтган учрашувга 78750 мухлис ташриф буюрган.

Аввалроқ Россия термаси учун энг кўп одам ташриф буюрган уй учрашувлари Украина (1999 йил 9 октябрь) ва Англия (2007 йил 17 октябрь) билан ўтказилган учрашувлар бўлган. Иккала ўйин ҳам “Лужники”да бўлиб ўтган ҳамда 2000 ва 2008 йиллардаги Европа чемпионатларининг саралаш босқичлари доирасида ўтказилган.

Матбуотда бу ўйинларга келган мухлислар бўйича турли маълумотлар берилган. Украина билан учрашув борасида 78 600 ёки 84 000 мухлис келгани, Россия ва Англия ўртасидаги учрашувга эса 78 минг киши келгани айтилган. Бироқ УЕФА матбуот хизмати бошқа рақамларни келтирган: Украина билан учрашувга 74 минг, Англия билан учрашувга эса 75 минг киши ташриф буюрган.

Қуйида Россиянинг уй учрашувларида энг кўп одам ташриф буюрган ўйинлар келтирилган:

2017 йил 11 ноябрь, "Лужники". Россия - Аргентина - 0:1. 78 750 томошабин
2007 йил 17 октябрь, "Лужники". Россия - Англия - 2:1. 75 000 томошабин
1999 йил 9 октябрь, "Лужники". Россия - Украина - 1:1. 74 000 томошабин
2009 йил 10 октябрь, "Лужники". Россия - Германия - 0:1. 72 100 томошабин
2009 йил 14 ноябрь, "Лужники". Россия - Словения - 2:1. 71 500 томошабин

“Лужники” ўйингоҳи 1956 йилда қурилган. Дастлаб стадион ўз бағрига 103 минг томошабинни сиғдира олган, бироқ 1980 йилги Олимпиада олдидан ўтказилган реконструкциядан кейин бу миқдор 96 минггача камайган. 1990-йилларда майдондаги ёғоч ўриндиқлар пластмасса ўриндиқларга алмаштирилгач, унинг сиғимдорлиги янада камайиб, 84 745 ўринни ташкил қилган. Яна бир реконструкция 2008 йилги Чемпионлар лигаси финали учун ўтказилган ва ВИП-ложалар кенгайтирилиши ҳисобига сиғимдорлик 78350 ўринга қисқариб кетган. 2018 йилги жаҳон чемпионати олдидан стадион яна бир реконструкция қилинди ва энди унинг сиғимдорлиги 81 минг ўринни ташкил қилмоқда. 

Умуман олганда, стадионга ташриф буюриш рекорди 1958 йил 2 ноябрда қайд қилинган. Ўшанда "Спартак" ва "Торпедо" клублари ўртасидаги Собиқ иттифоқ кубоги финалини кўриш учун майдонга 110 минг томошабин келган.

Top