11:35 / 13.11.2017
12213

9 ой ичидаги қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ҳажми маълум 

Фото: ЎзА

2017 йилнинг январь-сентябрида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулот (хизматлар)ларининг умумий ҳажми 46 194,3 млрд. сўмни ёки 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 103,5 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида айтилди.

Шу жумладан, деҳқончилик ва чорвачилик, овчилик ва ушбу соҳаларда кўрсатилган хизматлар – 45 982,3 млрд. сўмни (103,5 фоиз), ўрмон хўжалигида – 63,4 млрд. сўмни (101,4 фоиз), балиқчилик хўжалигида – 148,6 млрд. сўмни (111,9 фоиз) ташкил қилди. 

Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулот (хизматлар)лари ҳажмининг ўсиши асосан деҳқончилик ва чорвачилик, овчилик ва ушбу соҳада кўрсатилган хизматлар ҳажмининг сезиларли даражада ортиши билан боғлиқдир. Хусусан юқори ўсиш суръатлари Самарқанд (106,1 фоиз), Сурхондарё (106,0 фоиз), Бухоро (105,8 фоиз), Навоий (105,6 фоиз) вилоятларида кузатилди. Бунга қарама-қарши равишда Андижон (100,8 фоиз) ва Фарғона (101,5 фоиз) вилоятларида паст ўсиш суръатлари кузатилди.

Ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг таркибий тузилишида энг юқори улуш деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларига тўғри келади (умумий ҳажмга нисбатан 69,2 фоиз).

Деҳқончилик. 2017 йилнинг январь-сентябрида ишлаб чиқарилган деҳқончилик маҳсулотларининг ҳажми 27 869,7 млрд. сўмни ёки 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 102,0 фоизни ташкил қилди. Ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажмида деҳқончилик маҳсулотларининг улуши 61,5 фоизни ташкил қилди. 

Ҳосилни йиғиб олиш. Ҳисобот даврида барча тоифадаги хўжаликларда 7 380,5 минг тонна (2016 йилнинг январь-сентябрига нисбатан 99,6 фоиз) дон экинлари ишлаб чиқарилди, 2 357,4 минг тонна (103,9 фоиз) картошка ковлаб олинди, 8 695,2 минг тонна (105,8 фоиз) сабзавотлар, 1 569,9 минг тонна (106,9 фоиз) озиқбоп полиз экинлари, 2 146,0 минг тонна (105,3 фоиз) мевалар ва резаворлар, 1 270,7 минг тонна (104,5 фоиз) узум йиғиб олинди.

Чорвачилик. Келгусида чорвачилик соҳасининг имкониятларини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг изчиллик билан амалга оширилиши ҳамда давлат томонидан кўрсатилаётган тизимли қўллаб-қувватлашлар натижасида қорамоллар бош сонининг ўсишига, ички истеъмол бозорларининг чорвачилик маҳсулотлари билан тўйинишига имкон яратди. 2017 йилнинг январь-сентябрида чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 17 452,4 млрд. сўмни ёки 2016 йилнинг шу даврига нисбатан 105,6 фоизни (2016 йилнинг январь-сентябрида 106,8 фоизни) ташкил қилди. Ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий ҳажмида чорвачилик маҳсулотларининг улуши 38,5 фоизни ташкил этди.

2017 йилнинг 1 октябрь ҳолатига йирик шохли қорамоллар бош сони 536,8 минг бошга (4,6 фоизга), шу жумладан сигирлар 95,8 минг бошга (2,2 фоизга), қўй ва эчкилар 363,0 минг бошга (1,8 фоизга), паррандалар 5 575,9 минг бошга (8,8 фоизга) кўпайди.

Умумий бош сонга нисбатан деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларида йирик шохли қорамолларнинг улуши 94,1 фоизни, фермер хўжаликларида – 4,8 фоизни ташкил этди, сигирлар мос равишда – 94,5 ва 4,6 фоизни, қўйлар ва эчкилар – 85,0 ва 8,3 фоизни, паррандалар – 64,8 ва 11,6 фоизни ташкил қилди.

2017 йилнинг январь-сентябрида барча тоифадаги хўжаликларда тирик вазнда 1 674,2 минг тонна гўшт (2016 йилнинг январь-сентябрига нисбатан 6,2 фоизга кўп), 7 327,9 минг тонна сут (6,2 фоиз), 4 917,8 млн. дона тухум (8,5 фоиз), 30,1 минг тонна жун (1,3 фоиз), 1 000,7 минг дона қоракўл тери (2,4 фоиз) ишлаб чиқарилди.

Top