09:50 / 13.11.2017
13242

Видео: Филиппин президенти Трампга қўшиқ куйлаб берди

Фото: Hindustan Times‏

12 ноябрда Филиппин пойтахти Манилада Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциациясига (АСЕАН) аъзо давлатлар етакчилари АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашишди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.  

Учрашувда Филиппин президенти Родриго Дутерте Жанубий Хитой денгизи бўйича зиддиятлар борлигига қарамасдан, етакчилар бу масалани муҳокама қилмасликлари кераклигини айтган.

“Биз дўст бўлишимиз керак, бироқ баъзи “қайноқ бошлар” кўплаб масалалар бўйича бизни Хитой ва қолган дунё билан тўқнаштириб қўйишни истамоқда. Жанубий Хитой денгизига яхшиси тегмаслик керак, ҳеч ким урушга боришга ўзига ижозат бермаслиги лозим”, деб айтган Дутерте. 

Трамп бундан аввал Вьетнамга ташрифи вақтида Жануби-Шарқий Осиёнинг 5 та давлати ҳамда Хитой ўртасида Жанубий Хитой денгизидаги оролларга эгалик қилиш баҳсида воситачилик қилишни таклиф қилганди.

Таркибига Хитой, Россия, Япония, Канада, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Австралия ва Янги Зеландия кирувчи АСЕАН етакчилари биргаликдаги кечки овқатга ташриф буюришган. У ерда уларнинг кўнгилларини раққослар ва қўшиқчилар чоғ қилишган. Маълум қилинишича, тадбир давомида Дутерте саҳнага чиқиб, қўшиқчи Пилита Корралес билан дуетда қўшиқ ижро этган. Дутерте бу чиқишидан кейин Трампга хушомад қилиб, бу қўшиқни “АҚШ бош қўмондони”, яъни Трамп кўрсатмаси билан” ижро этганини айтган.   

Трамп Манилада 2 кун бўлади ва сўнгра Осиё бўйлаб турнесини якунлайди. У бу турнеси давомида шунингдек Япония, Жанубий Корея, Хитой ва Вьетнамда бўлди.

Top