17:10 / 13.11.2017
9328

Халқаро банк карталари бўйича авиачипталар харид қилиш имкони пайдо бўлди

Фото: Ўзбекистон ҳаво йўллари

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси Ўзбекистон Республикаси ТИФ МБ билан ҳамкорликда авиачипталарни авиакомпаниянинг корпоратив сайти орқали сотилишини таъминлаш бўйича лойиҳанинг навбатдаги босқичини ишга туширди, унга кўра авиачипта учун тўловларни халқаро банк карталари орқали амалга ошириш мумкин бўлади. Бу ҳақда МАК ахборот хизмати хабар берди.

10 ноябрдан бошлаб авиачипта учун ҳақни VISA банк карталари орқали тўлаш мумкин.

Кейинги босқичда MasterCard, American Express пластик карталари ва бошқа турдаги карталардан фойдаланиш имконини берувчи халқаро тўлов тизимини улаш кўзда тутилган.

Қайд этилишича, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва МБнинг бевосита иштирокида, шунингдек, электрон коммерциясини ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи сабабларни бартараф этиш юзасидан ўтказилган чора-тадбирлар, интерактив хизматларни жорий қилиш учун тегишли шароитларнинг яратилиши ушбу лойиҳанинг қисқа муддатларда амалга оширилишига имкон беради.

Интерактив хизматларни кўрсатиш бўйича тадбирлар мажмуасини амалга ошириш «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК қатновларига авиачипталарни дунёнинг исталган нуқтасида сотишга имкон яратади ва Ўзбекистон Республикасида туризмни ривожлантиришга ёрдам беради.

Top