09:30 / 13.11.2017
16426

Тожикистонда умрбод қамалган генералнинг уйи боғчага айлантирилди

Тожикистоннинг Кўлобида умрбод озодликдан маҳрум этилган генерал Ғаффор Мирзоевнинг уйи болалар боғчасига айлантирилди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар ёзмоқда.

2006 йилда мамлакат Олий суди Миллий гвардия собиқ қўмондони ва Наркотикларга қарши маҳкама собиқ раҳбари Мирзоевни давлат тўнтаришига уриниш ҳамда бошқа жиноятларда айбдор деб топди ва умрбод озодликдан маҳрум қилди. Унинг мол-мулки давлат фойдасига мусодара этилди.

Кўлоб давлат университети маъмурияти эса генералнинг шаҳар марказидаги ярим гектарлик ерда жойлашган уйида электрон кутубхона яратиш таклифи билан чиқди. Бироқ кейинчалик режалар ўзгарди.

10 ноябрь куни университетдан хабар беришларича, уй таъмирдан чиқарилди ҳамда у ерда болалар боғчасини жойлаштиришди. Олий таълим муассасаси раҳбариятининг сўзларига кўра, боғчада ўқитувчиларнинг фарзандлари тарбияланади. «Бу бино янги миссияга тўла тайёр. Уй атрофидаги баланд панжара олиб ташланиб, унинг ўрнига темир тўсиқлар қўйилди», - дея айтиб ўтган университет ўқитувчиларидан бири.

Кўлобда истиқомат қилувчи 60 ёшли Файзиддин Зарифийнинг айтишича, Ғаффор Мирзоев фуқаролик урушидан сўнг ҳудудни ўзлаштириб олган ҳамда ўз уйини баланд панжара билан тўсиб қўйган.

Шунингдек, Ғаффор Мирзоев оиласининг яна уч аъзоси ҳам қамоқда – укаси Абдурасул Мирзоев, ўғли ва синглисининг куёви.

Top