14:25 / 15.11.2017
6326

Apple Watch "шахсий шифокор"га айланди

Фото: Apple

Сан-Францискодаги Калифорния университети олимлари ва Cardiogram стартапининг тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, Apple Watch соатларининг пульс ва қадам ўлчагичлари юқори қон босими ва юрак соҳасидаги касаллик белгилари билан боғлиқ муаммоларга аниқ ишора қилмоқда. Wired шу ҳақидаги хабари билан бўлишди. 

Бу Apple Watch'нинг кўпчилик ўйлагандан-да тез шахсий мураббийдан шахсий шифокорга айланиши мумкинлигини билдиради. Шуниси диққатга сазоворки, бунинг учун қўшимча датчик ёки сенсорларга ҳожат йўқ.

Apple сентябрь ойида Стэнфорд университети билан ўз соатларининг аритмияни аниқлашга йўналтирилган тадқиқоти устида ишлаётгани ҳақида маълум қилганди. Apple'га боғлиқ бўлмаган АҚШ ва Канада олимлар гуруҳининг олиб борган кузатувлари бунга тасдиқловчи  жавобни берганди. Ўтган ҳафта эса Aetna суғурта компанияси соғлиқни сақлашга кетадиган харажатларини камайтириш учун ўз беморларига Apple Watch соатларини тарқатмоқчи эканини маълум қилди. 

Cardiogram Apple Watch каби қурилмалардан юрак ритмини таҳлил қилувчи ва унинг фаолиятидаги турли бузилишларга ишора қилувчи иловани ишлаб чиқмоқда. Тадқиқотда 6 мингдан зиёд Apple Watch фойдаланувчиси иштирок этди. Компания асосчилари Google'даги иш тажрибаларини (Android ва Google Assistant учун нутқдан таний олиш технологияси) қўллашди.

Муҳандислар юрак ритми частотаси ва қадамлар сони ҳақидаги маълумотларни аниқлашда Google нутқ таҳлили учун қўлловчи нейрон тармоқларини мослаштиришди. Май ойида компания DeepHeart номини олган тизим Apple Watch маълумотларидан фойдаланиб, юрак соҳасидаги касалликни олдиндан айтиб бера олганди. Сўнгги тадқиқотнинг кўрсатишича, гипертонияни 80 фоизгача ва апноэни 90 фоизгача аниқлик билан прогноз қилиш учун бир ҳафталик маълумотларнинг ўзи етарли. 

Жанубий Калифорния университетидаги Body Computing маркази ижрочи директори ва кардиолог Лесли Саксоннинг сўзларига кўра, юрак ритми ва қадамлар сонини билвосита аниқлаш ғояси катта синовларни талаб қилади. 

"Тадқиқотда корреляция кузатилмоқда ва бу жуда муҳим, бироқ унинг тиббиёт учун қадр-қиммати ҳали исботланмаган", - дейди у. Саксон Apple Watch'нинг юрак ҳақидаги маълумотлари аниқлиги инсоннинг қурилмани қандай тутишига қараб ҳам фарқланишини айтди. Cardiogram муҳандислари вақт ўтгач, аниқлик даражаси янада ошишига умид қилишмоқда: ҳозирда тадқиқотда 30 минг киши иштирок этмоқда. 

Cardiogram FDA талабларига мувофиқ келиш мақсадида ўз иловаси орқали ташхисларни тақдим этмоқчи эмас. Тизим қандайдир салбий ўзгаришларни аниқлаган ҳолатда, фойдаланувчига тиббий кўрикдан ўтиш тавсия қилинади. 

Top