16:20 / 15.11.2017
15217

Қозоғистон ҳукумати вакили Парижда 76 млн. долларга квартира сотиб олди

Фото: Getty Images

Қозоғистон ҳукумати расмий вакили Парижда хавфсизлик даражаси юқори бўлган квартирани 65 млн. евро (75,8 млн. доллар)га сотиб олди. Бу Парижда 2017 йилда эришилган энг йирик келишув, деб ёзмоқда Mansion Global нашри.

Нашр хабарига кўра, ҳашаматли хонадон Монтень авенюсида, Елисей майдонидан бир дақиқалик масофада жойлашган.

Келишув бельгиялик риелтор Игнас Мювиссен томонидан амалга оширилди. У сотувчи ва харидор исмини айтишдан бош тортган. Унинг фақат таъкидлашича, бу россиялик инвестор ва Қозоғистон ҳукуматининг расмий вакили бўлган, деб ёзмоқда нашр.

"Сотувчи, Россия инвестиция компанияси раҳбари бинода бир неча квартираларни бирлаштирган. У уйни уч ой муқаддам 75 млн. евро (87,5 млн. доллар) эвазига сотишни бошлади", - дея айтиб ўтди Мювиссен.

Умумий майдони 1200 м2 бўлган квартирада бешта ётоқхона, бешта ваннахона, спа-ҳудуд ва ходимлар учун алоҳида хоналар бор. Қозоғистонлик харидор хавфсизликнинг юқори даражасини талаб қилган, шу сабабдан у ерда майдони 55 м2 бўлган махсус хона бор. Бу ерда ўқ ўтказмайдиган деразалар ва хавфсизлик хизмати ходимлари учун алоҳида жойлар мавжуд.

Top