16:25 / 15.11.2017
18571

Қозоғистонда рус нефтини Ўзбекистонга транзит қилиш учун тарифлар ўрнатилди

Фото: Reuters

Россия нефтини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича "КазТрансОйл" тарифлари ва хизматлари қиймати белгиланди. Бу ҳақда ташкилотдан хабар беришган.

Компаниядан аниқлик киритишларича, норезидентлар учун Россиянинг Қозоғистон билан чегарасидан “Шагир” нефть қуйиш пунктига қадар 1 минг км.га бир тонна учун 11,7 долларлик тариф белгиланди. “Шагир” пунктида нефтни цистерналарга қуйиш бир тонна учун 0,8 долларга тушади. Норезидентлар учун белгиланган қиймат бир тонна учун 22,9 долларни ташкил этади. Нарх ўз ичига нефтни бир тонна учун 22,1 долларлик тарифни ҳисобга олган ҳолда ўтказиш ва нефтни “Шагир”да темир йўл цистерналарига қуйишни (у бир тонна учун 0,8 долларга тушади) қамраб олади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари Россия нефтини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга етказиб бериш ғоясини қўллаб-қувватлашди. Жумладан, “Шагир” нефть қуйиш пунктига "КазТрансОйл" магистрал қувурлари орқали. Ўшанда йил охирига қадар Омск-Павлодар-Чимкент нефть қувури бўйлаб тахминан 30 минг тоннани ўтказиш, сўнг Ўзбекистонга темир йўл эстакадаси орқали олиб ўтиш режалаштирилгани хабар қилинганди. 

Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарага қадар нефть қувури қуришни режалаштирмоқда. Бу Жиззах вилоятида қурилаётган нефтни қайта ишлаш заводини хомашё билан таъминлаш учун керак. Нефть қувури узунлиги 95 километрни ташкил қилади. Тахминларга кўра, у Россия ва Қозоғистондан импорт нефтини етказиб бериш учун Омск-Павлодар-Чимкент нефть қувури билан боғланади.

Top