20:40 / 15.11.2017
50694

Зимбабведа «жодули давлат тўнтариши». Диктатордан воз кечишди

15 ноябрь куни Зимбабведа ҳокимият ҳарбийлар қўлига ўтди. Шу билан бирга армия вакиллари мамлакатни 37 йилдан буён бошқариб келган Роберт Мугабе ағдариб ташланмаслиги, аммо унинг атрофидаги жиноятчилар жазоланишини маълум қилишди. Кейинроқ Мугабе рафиқаси Грейси Мугабега мамлакатдан чиқиб кетиши учун рухсат берилган тақдирда ҳокимиятни ўз ихтиёри билан топширишга розилигини айтди.

Ўтган ҳафтада президент вице-президент Эммерсон Мнангагвуни жодугарлик билан давлат тўнтариши содир этишда айблаб, истеъфога чиқарганди. Унинг юзга яқин тарафдорларига ҳам айблов эълон қилинганди. У ҳокимиятни ўзининг 52 ёшли рафиқасига қолдирмоқчи бўлганди. Аммо Мнангагва армиянинг кўмагидан фойдаланди ва энди Мугабенинг ўрнини эгаллаши кутилмоқда.

14 ноябрь куни оқшомида Зимбабве ҳарбийлари мамлакат пойтахти Харарега танклар билан киришди. Биринчи навбатда, давлат телерадиоканали қўлга олинди ва расмий баёнот билан чиқилди.

Зобитлар бу ҳаракат «давлат тўнтариши» эмаслигини, президент ва унинг рафиқаси ҳаёти хавф остида эмаслигини маълум қилишди. Улар аҳолини тинчланишга чақириб, зўравонликлар рўй бермаслигига ишонтиришди.

Фото: Reuters
Фото: epa/vostock-photo
Фото: Reuters
Фото: Reuters
Фото: AP
Фото: epa/vostock-photo

Шу тариқа давлат тўнтариши ортиқча қон тўкишларсиз ўтказилди.

Алмашмас диктатор

Мугабе 93 ёшда. У мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаган ва масофадан туриб таълим олишни давом эттирган. 1958 йилда у Лондон университетининг иқтисодиёт бакалаври дипломини олган. У ўтган асрнинг 60-йилларидан сиёсат билан шуғуллана бошлаган. 1964 йилда ҳибсга олинган ва қамоқда 10 йил ўтказган.

Озодликка чиққач, Мугабе Мозамбикка кетиб, у ерда ҳам озодлик учун ҳаракатларга қўшилади. Собиқ иттифоққа таассуб қилиб, пролетариатни синфий курашга чорлашга бел боғлаган Жошуа Нкомонинг ZAPU’сидан фарқли ўлароқ, Мугабе ўртоқ Маонинг меҳнатларига қараб деҳқонлар инқилобини мўлжаллайди.

1980 йилда Мугабенинг партияси Зимбабве-Родезия сайловларида Жошуа Нкомонинг партияси устидан ғалаба қилади ва у бош вазирга айланади. Кейинроқ, 1987 йилда Зимбабведа бош вазир лавозими тугатилади, Мугабе президент сифатида сайланади.

90-йиллар охирида Зимбабведа қора чек номли ҳаракат бошланади — камчиликни ташкил этувчи оқ танлиларнинг ерлари тортиб олина бошлайди. 2002 йилда Мугабе мамлакатдан 4 минг нафар фермерни ҳайдаб юборади. Ўшанда Европа Иттифоқи Зимбабвега санкциялар қўллайди.

У ўз қўлида жамики ҳокимиятнинг жиловини маҳкам ушлаб турарди: ҳукумат, қуролли кучлар, парламентни тарқатиб юбориш ва истаганича сайловларда қатнашиш... Мугабе якка ўзи ҳукмрон бўлиб қолди ва барча нуфузли амалларни ўзига содиқ кишиларга бўлиб бера бошлади; оқлардан тортиб олинган фермалар рамзий суммага собиқ қашшоқ-партизанларга эмас, юқори мартабали амалдорларга пулланар эди. Мамлакатда коррупция қулоч ёйди. Роберт Мугабе шундай тизим қурдики, бунда у ва унинг қариндошлари ҳамда ишончли яқинлари туганмас бойликка эга бўлишди, мамлакатнинг 85 фоиз аҳолиси эса йилига 300 доллар даромадга кун кўришга мажбур эди.

Мугабе шу кунгача алмашмас мустабид президент бўлиб келди. У 2016 йили берган интервьюсида 100 ёшгача яшамоқчилиги, кейинги сайловда ҳам номзодини қўймоқчилигини айтганди.

Аммо энди бунга рози бўлишмади. Бугун зимбабвеликлар унинг суратларини машиналаридан олиб ташлашмоқда.

Фото: Reuters

Ҳарбий давлат тўнтариши ҳақида эшитган аҳоли 15 ноябрь тонгида банкоматларга оқиб кела бошлашди. Улар банк ҳисобларидан барча пулларини ечиб олмоқчи. 2009 йилги молиявий инқироздан кейин мамлакатда гиперинфляция юзага келган, Зимбабве ўз валютасини Америка долларига алмаштирганди.

Фото: Philimon Bulawayo / Reuters

 

Мавзу
Зимбабведа давлат тўнтариши
14 ноябрь куни Зимбабведа ҳарбийлар мамлакат пойтахтига кирди. 15 ноябрь куни мамлакатга 37 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Роберт Мугабе ва оиласи қўлга олинди.
Барчаси
Top