23:15 / 16.11.2017
7665

Билл Гейтс технологияларнинг “плюс” ва “минуслари” ҳақида фикр билдирди

Фото: Getty Images

Ар-Риёддаги Misk Global Forum’да миллиардер Билл Гейтс технологик жараённи демократлаштиришни қўллаб-қувватлаб чиқди. Агар мактаблар ва олий таълим муассасаларида технология бўйича фақат бойларга билим берилса, унда улар устунликка эга бўладилар ва жамиятдаги тенгсизлик янада кучаяди, деб ҳисобламоқда Гейтс.

У дунёни яхши томонга ўзгартира оладиган технологияларни демократлаштиришга чақирди. Унинг фикрича, сунъий онг ва бошқа инновациялар соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги глобал муаммоларни ҳал қила олади. 

Бироқ шу билан тараққиёт хатарлар билан кечади. Гейтс бундай хатарларга шахсий ҳаёт дахлсизлиги бузилиши ва технологиялар сиёсий вазифаларни илгари суриш учун қўлланишини мисол қилди. “Бироқ сунъий онгнинг устунликлари унинг камчиликларидан кўпроқдир”, деб айтган Гейтс.

Миллиардернинг фикрича, агар технологиялар қиммат бўлса, уларни фақатгина бой давлатлардаги мактабларда ўрганиш мумкин бўлса, унда бойлар ва камбағаллар орасидаги тавофут янада катталашади.

Гейтснинг фикрича, сунъий онг соҳасидаги таълим максимал сондаги одамлар учун мумкин бўлиши керак. Ўшанда технологик ишланмалар одамзот учун фойда келтиради. Гейтснинг айтишича, автоматлаштириш ижтимоий ўзгаришларга олиб келади. “Биз ишчи кучини ишлаб чиқаришдаги ишдан озод қилишимиз биланоқ бу кучни у керак бўладиган бошқа соҳаларга йўналтиришимиз мумкин”, деб айтди миллиардер. Гейтснинг таъкидлашича, сунъий онг мактабларда болаларни самаралироқ ўқитишга имкон беради. Бундан ташқари, ижтимоий соҳаларда кекса одамларни парвариш қиладиган кўпроқ мутахассислар пайдо бўлади.

Аввалроқ Гейтс роботларга солиқ киритишни таклиф қилганди. Бу солиқ даромаддан олинадиган солиқ каби ҳисобланади. Олинган солиқлар собиқ ходимларни қайта ўқитиш ҳамда ўқитувчилар ва ижтимоий хизматчилар учун иш ҳақи фондини яратишга йўналтирилади. Миллиардернинг фикрича, ижтимоий секторда маошлар нафақат бундай жамғармалар, балки меҳнат бозоридаги ўзгаришлар ҳисобига ошади, бунинг натижасида эмпатия – бошқалар ҳақида қайғуриш энг қимматли малакага айланади. 

Top