19:14 / 16.11.2017
15827

Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 29 сентябрдаги ПҚ-3295-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилди:

Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирадилар.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Ж.Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Р.Гулямов зиммасига юкланди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар

Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 15 апрелдаги 174-сон қарори билан тасдиқланган Биржа ва кўргазма- ярмарка савдоларида тузилган контрактлар бўйича товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиш, сотиб олиш ва уларни олиб чиқиб кетиш тартибига қуйидаги мазмундаги 81- банд қўшилди:

“81. Биржалар ва ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталари орқали ҳисоб- китоблар ва ўзаро ҳисоб-китоблар фақат биржалар ва ярмаркаларда рўйхатдан ўтган битимлар бўйича амалга оширилади.

Биржалар ва ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталари ҳисоб рақамларида бўлган маблағлардан фойдаланган ҳолда, пул талабномасидан воз кечиш бўйича операцияларни амалга ошириш тақиқланади.

Импорт шартномалари бўйича товар-хомашё биржалари ёки ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталарида норезидент-сотувчининг ҳисоб рақамига ўтказилган маблағлар фақат биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида тузилган экспорт шартномалари, божхона божлари, суд харажатлари ҳамда биржа шартномаларини тузиш ва ижро этиш билан бевосита боғлиқ хизматлар (воситачилик йиғимлари, брокерлик ҳақлари, ташиш харажатлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа харажатлар) тўловлари учун ишлатилиши мумкин”.

Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 6 майдаги 223-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Товар-хомашё биржалари савдоларида импорт контрактлари тузиш тартибининг 12-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“12. Товар биржа импорт контрактлари бўйича Ўзбекистон Республикасига келиб тушгандан ва харидор томонидан белгиланган тартибда қабул қилингандан кейин биржанинг ҳисоб-китоб-клиринг палатаси маблағларни Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси - сўмда сотувчи-норезидентнинг биржанинг ҳисоб-китоб (клиринг) палатасидаги ҳисоб рақамига ўтказади, сотувчи улардан фақат биржалар ва биржаларнинг кўргазма-ярмарка савдоларида тузилган экспорт шартномалари, божхона божлари, суд харажатлари ҳамда биржа шартномаларини тузиш ва ижро этиш билан бевосита боғлиқ хизматлар (воситачилик йиғимлари, брокерлик ҳақлари, ташиш харажатлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа харажатлар) тўловлари учун ишлатиши мумкин.

Биржалар ва ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталари ҳисоб рақамларида бўлган маблағлардан фойдаланган ҳолда, пул талабномасидан воз кечиш бўйича операцияларни амалга ошириш тақиқланади”.

Вазирлар Маҳкамасининг “2001-2002 йилларда хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш бўйича келгусидаги чора-тадбирлар тўғрисида” 2001 йил 9 мартдаги 119-сон қарори 3-бандининг биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“Ўзбекистон Республикаси норезидентларига республиканинг ваколатли банкларида очилган чет эл банкларининг "Лоро" корреспондентлик ҳисоб рақамларидаги миллий валютадаги маблағларидан:”.

Вазирлар Маҳкамасининг “Улгуржи ва биржа савдосини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” 2001 йил 1 майдаги 198-сон қарорининг 9-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

“9. Белгилаб қўйилсинки:

“импорт шартномалари бўйича товар-хом ашё биржалари ёки ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталарида норезидент-сотувчининг ҳисоб рақамига ўтказилган маблағлар фақат биржа ва кўргазма-ярмарка савдоларида тузилган экспорт шартномалари, божхона божлари, суд харажатлари ҳамда биржа шартномаларини тузиш ва ижро этиш билан бевосита боғлиқ хизматлар (воситачилик йиғимлари, брокерлик ҳақлари, ташиш харажатлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа харажатлар) тўловлари учун ишлатилиши мумкин;

биржалар ва ярмаркаларнинг ҳисоб-китоб-клиринг палаталари ҳисоб рақамларида бўлган маблағлардан фойдаланган ҳолда, пул талабномасидан воз кечиш бўйича операцияларни амалга ошириш тақиқланади;

Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси, шу жумладан унинг филиаллари, истисно тариқасида, мулк солиғи тўлашдан беш йил муддатга озод қилинади, бўшаб қолаётган маблағлар унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, электрон биржа савдоларининг ягона тизимини шакллантиришга йўналтирилади”.

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат мулки объектларини хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” 2014 йил 6 октябрдаги 279-сон қарорида:

а) 2-иловада:

8-банднинг учинчи хатбошидаги “ҳисоб-китоб-клиринг палатасидаги ва “Халқ истеъмол товарлари билан савдо қилиш республика кўргазма-ярмарка савдо маркази” ЁАЖдаги ўзларининг махсус ҳисоб рақамларидаги” сўзлари чиқариб ташланди;

34-банднинг биринчи хатбошидаги “ҲККПда” сўзи “Ҳисоб-китоб-клиринг палатасида” сўзлари билан алмаштирилди;

б) 3-илова 4-бандининг учинчи хатбошидаги “ҳисоб-китоб-клиринг палатасидаги ва “Халқ истеъмоли товарлари билан савдо қилиш республика кўргазма-ярмарка савдо маркази” ЁАЖдаги ўзларининг махсус ҳисоб рақамларидаги” сўзлари чиқариб ташланди;

в) 4-илова 4-бандининг учинчи хатбошидаги “ҳисоб-китоб-клиринг палатасидаги ва “Халқ истеъмоли товарлари билан савдо қилиш республика кўргазма-ярмарка савдо маркази” ЁАЖдаги ўзларининг махсус ҳисоб рақамларидаги” сўзлари чиқариб ташланди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитацияси марказининг даволаш-диагностика корпусини қуриш ва жиҳозлаш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2016 йил 30 июлдаги 247-сон қарори 4-бандининг тўртинчи хатбоши чиқариб ташланди.

Top