09:20 / 16.11.2017
7942

Ўзбекистон ва “Сименс” ўртасида бир қатор стратегик ҳужжатлар имзоланди

15 ноябрда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация “Сименс АГ” концернининг Мюнхендаги бош қароргоҳига ташриф буюрди. Ташриф давомида концерннинг бошқарув кенгаши аъзоси Роланд Буш, концерннинг Россия ва Марказий Осиё бўйича директори Дитрих Меллер билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда энергетика, саноат, темир йўл ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалдаги ва келгуси қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.

Бу ташриф 2017 йил октябрида “Сименс” делегациясининг Тошкентга ташрифи вақтида бошланган мулоқотнинг давом бўлди. 

Мюнхендаги  учрашув вақтида бир неча соҳалар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш ҳақидаги стратегик ҳужжатлар имзоланди.

Жумладан, томонлар “Хавфсиз шаҳар” концепциясини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилишмоқчи. Шу мақсадда Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва “Сименс” ўртасида меморандум тузилди. Унга кўра, шаҳар инфратузилмаси ва транспорт хўжалигида ёнғин хавфсизлиги, эвакуация тизимлари бўйича комплекс ечимларни татбиқ қилиш имконияти кўриб чиқилади. Гап шунингдек электр тармоқларини модернизация қилиш вақтида “ақлли тармоқлар”ни татбиқ қилиш ҳақида кетмоқда.      

“Ўзнефтгазмаш” АЖ томондан имзоланган келишув ишлаб чиқаришни техник қайта жиҳозлаш ва кенгайтиришга тааллуқли бўлиб, унга кўра ҳамкорлар “UNGM-DR сервис маркази” қўшма корхонасини ривожлантиришни давом эттиришади. Корхона кўрсатаётган хизматлар соҳаларини кенгайтириш ва ходимлар малакасини ошириш режалаштирилмоқда. Қўшма корхона айни вақтда нефть-газ, кимё ва нефть-кимё соҳаларида қўлланувчи қурилмаларни таъмирлаш ва ташхислаш билан шуғулланади.  

Яна бир ҳужжат Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Сименс Соғлиқни сақлаш” (Siemens Healthineers) компанияси билан тузилди. Томонлар тиббиёт, фан ва тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш соҳасида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришмоқчи. Жумладан, Ўзбекистонда онкология, кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик ва травматология соҳаларида қўшма клиникаларни ташкил этиш кўздда тутилмоқда.   

Top