21:10 / 17.11.2017
14051

ИШИД Афғонистондаги вазиятни издан чиқармоқчи – Тожикистон мудофаа вазири

ИШИД террорчилик гуруҳи Афғонистонда ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариб, бу давлатда мустаҳкамланиб олмоқчи, деб айтди Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо.

“Охирги кунлардаги воқеалар ИШИД ва бошқа радикал гуруҳлар барча мавжуд усуллардан фойдаланиб, Афғонистондаги вазиятни издан чиқармоқчилиги ва бу йўл билан ушбу мамлакат ҳудудида мустаҳкамланиб олмоқчилигидан дарак бермоқда”, деб айтди Мирзо. Мирзо бу ҳақда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг коллектив кучлари машғулотлари ёпилиши маросимида айтиб ўтди.   

Унинг айтишича, Тожикистон учун Афғонистонда ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланиши масаласи ва бу Марказий Осиёдаги хавфсизликка қандай таъсир қилиши долзарб ва муҳим масала ҳисобланади. 

“Бир қатор омиллар сабабли коллектив хавфсизликка асосий таҳдидлар Афғонистон шимолида мужассамланмоқда, бу ерда радикал ва экстремистик ташкилотлар ва оқимлар вакиллари кўпаймоқда”, деб таъкидлаб ўтган Мирзо.

“Тожикистон қуролли кучлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари мавжуд чақириқ ва таҳдидларга муносиб қаршилик кўрсата олади”, деб қўшимча қилган вазир.

Тожикистонда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг коллектив кучлари машғулотлари “Жанговар биродарлик-2017”нинг якунловчи босқичи бўлиб ўтди. Машғулотларда КХШТга кирувчи барча давлатлар (Тожикистон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия) ҳарбий контингентлари иштирок этди. Машғулотларга 5 мингдан кўпроқ ҳарбий, 60 та самолёт ва вертолёт, 1,5 мингдан кўпроқ қурол, ҳарбий ва махсус техника, жумладан “Искандер” ракета мажмуалари, узоқ ва фронт авиацияси самолётлари, дронлар жалб қилинган. 

Top