22:46 / 17.11.2017
9215

Қозоғистонда текширувлардан кейин 90 дан кўпроқ прокурор жавобгарликка тортилди

Фото: Турар Казангапов

Қозоғистон бош прокуратураси ўз сафида “тозалаш” ишлари олиб борилганини маълум қилди. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар бермоқда.  

Маълум қилинишча, 2017 йил июнда бош прокуратуранинг ички хавфсизлик бошқармаси департаментга айлантирилган. Шу сабабли ходимлар таркиби 2 мартага, яъни 6 кишидан 13 кишигача кўпайтирилган.    

Таъкидланишича, текширув натижаларига кўра 12 прокурор лавозимидан олинган.

“Департамент жорий йилда 191 та текширув ўтказган. 93 прокурор турли турдаги жавобгарликларга тортилган. Улардан: 12 нафари салбий сабабларга кўра ишдан бўшатилган, 6 нафари лавозимидан олинган, 15 ходим хизматга тўлиқ мувофиқ эмаслиги маълум қилинган. Қолганлар эса турли даражадаги интизомий жавобгарликка тортилганлар. Ходимларнинг аксарияти, яъни 40 прокурор ор-номус кодексини бузгани учун жазоланган”, деб айтилган хабарда. 

Бундан ташқари, жорий йилда 10 нафар прокурорга нисбатан жиноий иш қўзғатилган бўлиб, улардан 7 нафари раҳбарлик лавозимларини эгаллаган.

“Улардан 2 нафари судланган, 3 нафарининг иши судда кўрилмоқда ва 5 нафарининг иши махсус прокурорлар томондан кўриб чиқилмоқда. Ваҳоланки, аввалги 5 йил ичида прокурорларга нисбатан бор-йўғи 7 та жиноий иш қўзғатилганди”, дейилган бош прокуратурада.  

Шунингдек, прокуратуранинг кўплаб ходимлари талаблар оширилгани ва прокуратура иши тубдан ўзгаргани сабабли ўзлари бўшаб кетганлар.

“Ўз сафида тозалашлар ўтказиш янги форматдаги фаолиятнинг муҳим йўналиши ҳисобланади, ундан мақсад адолатли, самарали ва шаффоф прокуратура яратиш ҳисобланади”, деб айтилган хабарда. 

Top