10:11 / 17.11.2017
29999

ОАВ: Саудия Арабистони подшоҳи истеъфога чиқишга тайёрланмоқда

Фото: AP

Саудия Арабистони подшоҳи 81 ёшли Салмон Бин Абдул Азиз Ол Сауд келаси ҳафта истеъфога чиқишни ва тахтни ўз ўғли – шаҳзода Муҳаммад бин Салмонга топширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Британиянинг Daily Mail газетаси подшоҳлик оиласига яқин манбага таянган ҳолда хабар тарқатди.

"Подшоҳ Салмон келаси ҳафта ўз ўғли Саудия Арабистони подшоҳи бўлиши ҳақида маълум қилади", - деб ёзмоқда нашр.

Нашрнинг иддао этишича, подшоҳ давлат ишларидан четлашади, бироқ ўзининг фахрий унвонларини сақлаб қолади. Мамлакатдаги барча ҳокимият эса 32 ёшли валиаҳд шаҳзодага ўтади, у ноябрь бошида коррупцияга қарши кенг кўламли кампанияни бошлади. Эслатиб ўтамиз, ўшанда бир куннинг ичида 40 дан ортиқ шаҳзода ва бир неча амалдаги вазирлар ҳибсга олинганди.

Нашр суҳбатдоши сўзларига кўра, Муҳаммад бин Салмон подшоҳликда барча ҳокимиятни ўз қўлига олгач, бор эътиборини Эронга қаратади – Саудиянинг минтақадаги энг асосий рақибига. Ҳарбий можаро ҳам истисно этилмаяпти.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, подшоҳ Салмон тахтни ўғлига бермоқчи экани ҳақида хабарлар ўтган ҳафта ҳам пайдо бўлганди. Бироқ саудиялик юқори мансабли амалдорнинг Bloomberg News’га маълум қилишича, "подшоҳнинг тахтдан воз кечиши умуман юз бермайди".

У подшоҳ Салмон "ажойиб" жисмоний ҳолатда эканини қўшимча қилиб ўтган.

Мавзу
Саудия Арабистонида тахт кураши

4 ноябрь куни Саудия Арабистонида 11 нафар шаҳзода ва 4 нафар юқори мартабали амалдор коррупцияда айбланиб ҳибс қилинди. Бу ҳодиса валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмоннинг ўз рақобатчиларидан қутулиш йўлидаги ҳаракати сифатида баҳоланмоқда.

Барчаси
Top